Қозоғистон “Астана” халқаро молия марказини (AIFC) яратиш доирасида 2017 йилдан Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ)нинг бир гуруҳ давлатлари, БАА, Малайзия, Сингапур ва Монако учун виза тартибини соддалаштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Алексей Волков маълум қилди.

Остонада Astana EXPO 2017 халқаро кўргазмаси инфратузилмаси негизида “Астана” халқаро молия маркази яратилади. Бу марказ МДҲ, Ғарбий ва Марказий Осиё минтақаси давлатлари учун молиявий марказ қилинмоқчи. Ушбу марказнинг инвестор давлатлари учун виза талабларини соддалаштириш Қозоғистон президентининг марказни яратиш масалаларини белгиловчи фармони бандларида кўзда тутилган.

“Айни пайтда 2017 йил 1 январдан ИҲТТ давлатлари, БАА, Малайзия, Сингапур ва Монако учун виза тартибини соддалаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ушбу давлатлар билан Қозоғистон ҳудудига кирган кундан бошлаб 30 календарь куни муддатида визасиз киришни киритиш кўзда тутилмоқда”, деб айтди Волков Sputnik нашрига берган интервьюсида.

Волковнинг айтишича, ҳукумат ва Миллий банкнинг қўшма режасига кўра, молиявий институтларни очиш ва AIFC’га инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шароитларни яратишга қаратилган бир қатор чоралар кўзда тутилган.