24 ноябрь куни Қозоғистон бош вазирининг ўринбосари Бақитжон Сагинтаев саноат маҳсулотининг ноқонуний айланмасига қарши кураш бўйича идоралараро комиссия йиғилишини ўтказди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Карим Масимовнинг расмий сайти орқали хабар қилинди.

Йиғилиш иштирокчилари Қозоғистонга Эрондан мувофиқлик сертификатисиз импорт қилинаётган цемент масаласини кўриб чиқишди. 2011 йил бошидан буён бундай цемент экспорти ҳажми 6 баробарга ошиб, 2014 йилда 241.15 минг тоннани ташкил қилди. Бу ҳолат қозоғистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари рақобатбардошлигига жиддий таъсир ўтказади, натижада бутун мамлакатда цемент ишлаб чиқариши зарар кўриши мумкин.

Йиғилиш якунларига кўра миллий иқтисодиёт вазирлигига инвестициялар ва ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда Эрон цементи импорти ва реализацияси билан шуғулланаётган субъектларда ревизия ўтказиш топширилди. Сертификатлар ҳамда миллий қонунчилик талабларига монанд маркировкага эга бўлмаган товарларни истеъмолдан чиқариш, ҳуқуқбузарликка йўл қўйган тадбиркорларни жавобгарликка тортиш кўзда тутилмоқда.