Россия мудофаа вазирлиги Туркия қирувчи самолёти томонидан уриб туширилган Су-24 самолётининг учувчиларидан бири ҳалок бўлганини расман тасдиқлади.

Вазирлик томонидан Су-24 самолёти Туркия билан чегарадан 4 км ичкарида қулагани ҳақида айтилган.

Самолёт қулашидан олдин учувчилар уни катапульта ёрдамида тарк этган, бироқ учувчиларга ердан туриб туркман жангчилари томонидан ўқузилиши туфайли улардан бири ҳаводалигидаёқ ҳалок бўлган.

Иккинчи учувчининг тақдири ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.

Бироз олдинроқ, ОАВлар Су-24 самолётининг иккинчи учувчиси суриялик ҳарбийлар томонидан қутқарилгани ҳақида хабар тарқатганди.

Дастлаб, айрим ОАВларда самолётнинг ҳар икки учувчиси ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган, лекин бу маълумотлар расман тасдиқланмаганди.

Сўнг Сурия мухолифати учувчилардан бирининг танасини ҳукумат қамоғида бўлган вакилларидан бирига алмаштирмоқчи бўлгани хабар қилинганди.

Шунингдек, Суриядаги туркманлар гуруҳи вакили учувчиларнинг ерга тушгач, отиб ташлангани ҳақида маълумот берган.

Кейинроқ, туркманлар Су-24 самолётининг катапульта қилган учувчиларига ҳаводалигидаёқ ўт очишгани видеоси пайдо бўлди.

Эслатиб ўтамиз, 24 ноябрь куни тонгда Туркия—Сурия чегарасида Суриядаги ҳарбий операцияда иштирок этаётган Россиянинг Су-24 самолёти уриб туширилди. Туркиянинг таъкидлашича, самолёт мамлакат ҳаво кенгликларини бузиб ўтган.

Россия Мудофаа вазирлигининг қайд этишича, Россия самолёти Туркия ҳудудига кирмаган.