Россиянинг Франциядаги элчиси Александр Орлов Сурия ҳудудида Россиянинг Су-24 русумли ҳарбий бомбардимончи самолёти Туркиянинг F-16 русумли қирувчи самолёти томонидан уриб туширилгач, катапульта орқали самолётни тарк этган учувчилардан бири тирик қолганини тасдиқлади.

Унинг сўзларига асосланиб, Рейтер нашрининг хабар тарқатишича, айни вақтда қутқарилган учувчи Сурия ҳукумати ихтиёрида бўлиб турибди.

Бироз олдинроқ, Россия Мудофаа вазирлиги учувчилардан бири туркман жангчилари томонидан ҳаводалигидаёқ отиб ўлдирилгани ҳақида хабар қилганди.

Бугун эрталаб, ОАВлар Су-24 самолётининг иккинчи учувчиси суриялик ҳарбийлар томонидан қутқарилгани ҳақида хабар тарқатди.

Дастлаб, айрим ОАВларда самолётнинг ҳар икки учувчиси ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган, лекин бу маълумотлар расман тасдиқланмаганди.

Сўнг Сурия мухолифати учувчилардан бирининг танасини ҳукумат қамоғида бўлган вакилларидан бирига алмаштирмоқчи бўлгани хабар қилинганди.

Шунингдек, Суриядаги туркманлар гуруҳи вакили учувчиларнинг ерга тушгач, отиб ташлангани ҳақида маълумот берган.

Кейинроқ, туркманлар Су-24 самолётининг катапульта қилган учувчиларига ҳаводалигидаёқ ўт очишгани видеоси пайдо бўлди.

Эслатиб ўтамиз, 24 ноябрь куни тонгда Туркия—Сурия чегарасида Суриядаги ҳарбий операцияда иштирок этаётган Россиянинг Су-24 самолёти уриб туширилди. Туркиянинг таъкидлашича, самолёт мамлакат ҳаво кенгликларини бузиб ўтган.

Россия Мудофаа вазирлигининг қайд этишича, Россия самолёти Туркия ҳудудига кирмаган.