Сурия осмонида Туркия томонидан уриб туширилган Россияга тегишли Су-24 русумли бомбардимончи ҳарбий самолётининг штурмани тирик ва у хавфсиз ҳудудга олиб келинган. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу маълумот берди.

"Қутқарув операцияси муваффақиятли якунланди. Штурман бизнинг базага олиб келинди. У тирик ва соппа-соғ", дейди Шойгу Мудофаа вазирлиги йиғилишида.

Унинг маълум қилишича, қутқарув амалиёти Москва вақти билан соат 3:40да якунланган.

"Мен операциянинг муваффақиятли якунлангани ҳақида олий бош қўмондонга маълумот бердим. У мендан қутқарув амалиёти иштирокчиларига шахсан миннатдорчилигини билдириб қўйишимни сўради", дея қўшимча қилган Шойгу.

Бундан олдинроқ, Россиянинг Франциядаги элчиси Су-24 самолётининг иккинчи учувчиси тирик қолгани ҳақидаги хабарни тасдиқлаганди.

Ундан олдинроқ, Россия Мудофаа вазирлиги учувчилардан бири туркман жангчилари томонидан ҳаводалигидаёқ отиб ўлдирилгани ҳақида хабар қилганди.

Бугун эрталаб, ОАВлар Су-24 самолётининг иккинчи учувчиси суриялик ҳарбийлар томонидан қутқарилгани ҳақида хабар тарқатди.

Дастлаб, айрим ОАВларда самолётнинг ҳар икки учувчиси ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган, лекин бу маълумотлар расман тасдиқланмаганди.

Сўнг Сурия мухолифати учувчилардан бирининг танасини ҳукумат қамоғида бўлган вакилларидан бирига алмаштирмоқчи бўлгани хабар қилинганди.

Шунингдек, Суриядаги туркманлар гуруҳи вакили учувчиларнинг ерга тушгач, отиб ташлангани ҳақида маълумот берган.

Кейинроқ, туркманлар Су-24 самолётининг катапульта қилган учувчиларига ҳаводалигидаёқ ўт очишгани видеоси пайдо бўлди.

Эслатиб ўтамиз, 24 ноябрь куни тонгда Туркия—Сурия чегарасида Суриядаги ҳарбий операцияда иштирок этаётган Россиянинг Су-24 самолёти уриб туширилди. Туркиянинг таъкидлашича, самолёт мамлакат ҳаво кенгликларини бузиб ўтган.

Россия Мудофаа вазирлигининг қайд этишича, Россия самолёти Туркия ҳудудига кирмаган.