УЕФА тартиб-интизом қўмитаси 2015 йил 20 октябрь куни бўлиб ўтган Европа чемпионлар лигасининг «Динамо» – «Челси» жамоалари учрашувида содир бўлган воқеа юзасидан қарор чиқарди. Бу ҳақда УЕФА расмий сайти хабар тарқатмоқда.

Манбанинг ёзишича, эндиликда украин жамоаси Еврокубоклардаги дастлабки икки уй учрашувларини томошабинларсиз ўтказади. Яна бир уй учрашуви уч йиллик синов муддатига кўра худди шундай жазога тортилиши мумкин.

Натижада, «Динамо» ЕЧЛнинг гуруҳ босқичидаги сўнгги тур доирасида «Маккаби»га қарши учрашувини ва агар плей-офф йўлланмаси қўлга киритилса, 1/8 финалнинг уй учрашувини мухлисларсиз ўтказишига тўғри келади.

Бундан ташқари, «Динамо» 100 минг евро миқдорида жаримага ҳам тортилган.

Эслатиб ўтамиз, УЕФА «Динамо»ни мухлисларнинг ирқчилик муносабатида бўлгани ва турли можаролар келиб чиқиши бўйича текширувлар олиб бораётганди.