“The Hustle” нашри ўз бизнесларини 30 ёшдан кейин бошлаган 10 нафар машҳур тадбиркор рўйхатини тузди. Улар 30 ёшга қадар айтарли муваффақиятга эришишмаган.

Жек Дорси, “Twitter” ҳаммуассиси

 

“Twitter” ижтимоий тармоғига асос солган пайтида Жек Дорси 30 ёшга тўлганди. Дорсининг дастлабки бизнеси — 2006 йилда ташкил қилинган такси, курьерлар ва авария хизматлари бошқаруви компанияси инқирозга учраганди. Бунгача эса бўлажак миллиардер Нью-Йоркдаги диспетчерлик хизматида дастурчи бўлиб ишлаган.

Тим Вестергрен, “Pandora” асосчиси

 

Вестергрен “Pandora”ни 35 ёшга кирганида ташкил этган. Аввалига компания дастурий таъминот савдоси билан шуғулланган. Лойиҳа ишга тушганидан кейинги икки йил давомида, деб ёзади “The Hustle”, Вестергреннинг ўз ходимларига маош тўлаш имконияти бўлмаган. Компания ўз йўналишини ўзгартирган ва хусусий мусиқий сервисини ишга туширгач, вазият ўзгарган.

“Pandora”га асос солишдан олдин Тим Вестергрен ўзини бастакор, артист ва энага сифатида синаб кўрган.

Ян Кум, “WhatsApp” асосчиси

 

Кум дунёдаги энг оммабоп мессенжерлардан бирини ишга туширганида 33 ёшда эди. “The Hustle”нинг эътироф этишича, ўз компаниясига асос солгунига қадар бўлажак тадбиркор тўққиз йил “Yahoo”да ишлаган, шунингдек, “Facebook”га ишга кирмоқчи бўлган, лекин компания уни ишга қабул қилмаган. 

Жек Ма, “Alibaba” асосчиси

 

Хитойдаги энг йирик ИТ-холдинглардан бирининг асосчиси, деб ёзади “The Hustle”, компьютердан илк бор 30 ёшга кирганида фойдаланган. Манинг айтишича, у коллежга кириш имтиҳонларидан уч марта йиқилган, ўқишни битирганидан кейин эса 30дан ортиқ компания ва муассасалар уни ишга қабул қилмаган.

Ўзининг биринчи ИТ-компаниясини Жек Ма 31 ёшида ташкил этган. Уч йил давомида унинг бошқаруви остидаги компания 800 минг доллардан ортиқ пул ишлаган. 35 ёшида эса Ма “Alibaba”га жаҳоннинг энг йирик компанияларидан бирига асос солган. 

Бен Горовиц, “LoudCloud” ҳаммуассиси

 

Университетни битирганидан кейин бўлажак инвестор Бен Горовиц тинимсиз равишда иш жойини алмаштирган, ниҳоят “Netscape” корпорациясида қўним топган, деб ёзади “The Hustle”. Горовиц компанияда маҳсулотлар бўйича менежар лавозимини эгаллаган.

“Netscape”да у ИТ-корпорация ҳаммуассиси Марк Андриссен билан танишиб қолган. Улар биргаликда “LoudCloud” компаниясига асос солишган. Бен Горовиц ўша пайтда 33 ёшда эди. Компания бир неча марта молиявий муаммоларга дуч келган, охир-оқибат Горовиц 41 ёшга тўлганида 1,6 миллиард долларга сотиб олинган. 

Сэм Уолтон, “Walmart” асосчиси

 

44 ёшида “Walmart”га асос солгунига қадар Сэм Уолтон бир нечта магазинларни бошқарган — лекин унинг иши шунчалик ёмон эдики, Уолтон ҳатто ходимларига маош тўлагани ҳам қийналган. 

Питер Тиль, “PayPal” ҳаммуассиси

 

Дунёдаги энг йирик тўлов тизимларидан бирининг ҳаммуассиси Питер Тиль Стэнфорднинг юридик факультетини тамомлаган ва бир неча йил давомида юридик фирмаларда ишлаган. 31 ёшида эса Тиль Макс Левчин билан “PayPal”га асос солган. Орадан тўрт йил ўтгач, компанияни “eBay” корпорацияси 1,5 миллиард долларга сотиб олган. Компанияни сотганидан сўнг Питер Тилга50 миллион долларга яқин пул теккан. 

Рид Хастингс, “Pure Software” ва “Netflix” асосчиси

 

Рид Хастингснинг дастлабки муваффақиятли бизнеси дастурий таъминотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи “Pure Software” компанияси бўлган. Тадбиркор компанияни 31 ёшида ташкил этганди. Орадан олти йил ўтгач, “Pure Software”ни “Rational Software” корпорацияси 750 миллион долларга сотиб олган, Хастингс эса сотувдан тушган маблағни “Netflix” ТВ-сервисини ташкил этишга сарфлаган. 

Генри Форд, “Ford” асосчиси

 

40 ёшида АҚШдаги энг йирик автомобиль компанияларидан бирини ишга туширишидан аввал Генри Форд ўзининг иккита лойиҳасини юргизган — лекин ҳар икки лойиҳа инқирозга учраган. “The Hustle”нинг таъкидлашича, Форднинг муваффақиятсизликлари унинг ўта талабчанлиги билан боғлиқ: у ҳар бир майда-чуйданинг мукаммал бўлишини талаб қилгани боис буюртмани тайёрлаш муддатидан кечикиб кетган.

“Ford” инвесторлари ундан Жеймс Коузенни ўзига ёрдамчи қилиб олишни талаб қилишган. Айнан Коузен Фордга «номукаммал» автомобилни ишлаб чиқариш учун қарор қабул қилишига ёрдам берган. 

Марк Кьюбан, “MicroSolutions” асосчиси

 

Марк Кьюбан — таниқли ИТ-тадбиркор ва инвестор. Университетни битиргач, Кьюбан Далласга кўчиб кетган ва бармен бўлиб иш бошлаган. Бир оз вақтдан сўнг у йилига 18 минг доллар маош бреувчи компьютер савдоси билан шуғулланадиган компанияга ишга ўтган, бироқ тез орада уни ишдан бўшатишган.

Марк Кьюбан 25 ёшида “MicroSolutions” консальтинг ИТ-компаниясига асос солган ва 32 ёшга тўлганида компанияни 6 миллион долларга сотган.