Америкалик 69 ёшли Отис Жонсон 1971 йилдан буён қамоқда ўтириб, 2015 йили озодликка чиқарилди. У Al Jazeera канали билан суҳбат чоғида 2015 йилни кўриб олган таассуротларини гапириб берди.

Полициячига қурол билан ҳужум қилиб, уни ўлдирганликда айбланиб қамалганида Жонсон 25 ёшда эди. У 44 йил қамоқда ўтириб чиққанидан сўнг яқин қариндошларидан ҳеч ким қолмаганини билди.

“Акаларим, сингилларим, мен билан суҳбатлашиши мумкин бўлган ҳеч ким йўқ”, - деди у.
Қамоқда узоқ йиллар яшаши оқибатида у кучли ўзгарди, шу боис даставвал озодликда ўзини ноқулай ҳис қилди. Масалан, Таймс-Скверда кўплар ўзи билан ўзи гаплашаётганини кўриб, улар МРБ агентлари бўлса керак, деб ўйлади. Кейин бу одамлар қулоғи яқинида ушлаб турган қурилмаларга эътибор берди.

“Улар буни айфон деб атайди”, - тушунтирди собиқ маҳбус.
“Айримлар қаёққа кетаётганини ҳам кўрмайди. Телефонда гаплашиб, қаерга кетаётганингга қарамаслик қандай бўлишини тасаввур қилиб кўрдим. Бу мени ҳайратлантирди”.

Озодликка чиқиши билан Жонсон метрога бориб, таксофондан қўнғироқ қилишга қарор берди. 44 йил ичида бундай суҳбат нархи 25 центдан 1 долларга етибди. Аммо ундан бошқа ҳеч ким бундай таксофонлардан фойдаланмас эди.

Дўконларда уни озиқ-овқат маҳсулотларининг ранг-баранглиги лол қолдирди: “Қуйқали ер ёнғоғи ёғи. Мен бундай нарсани ҳеч қачон кўрмаганман. Ер ёнғоғи ёғи ва олма қуйқаси битта идишда? Бу жуда ғалати”.

Жонсон жамоат ичида бўлишни ёқтиришини тан олди. У автобусда юришни яхши кўради, негаки бошқа одамларни кузатиб, уларнинг суҳбатини кузатиш имкониятига эга бўлади: “Қуёшга чиқишни, одамларни кузатишни яхши кўраман. Бу яхши. Эркин бўлиш яхши”.

Кечалари у боққа чиқиб, медитация билан шуғулланади. Жонсон муаммолардан ақлини халос этишга интилади, чунки бу шахсий ўсишга халақит беради.

“Мен ортга қайтмай, олдинга юришга интиламан. Мен шу йўл билан жамият ичида яшайман”, - хулоса қилди собиқ маҳбус.