Африка Соҳили зонаси муҳожирлар оқими ҳамда оммавий тарзда жангарилар ёлланиши учун асосий манба бўлиб қолиши яқин йилларда кутилаётган истиқболдир. Бу ҳақда БМТ бош котибининг Соҳил бўйича махсус элчиси Хирут Гуэбрэ Селассиэ халқаро ташкилот Хавфсизлик Кенгашининг йиғилишида баёнот берди.

Эмиссарнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда Соҳил аҳолисининг фақат 36 фоизи ёзиш ва ўқишни билади, болаларнинг ярмигина бошланғич таълим олиш имкониятига эга.
Селассиэ хонимнинг сўзларига қараганда, “Буркина-Фасо, Чад, Мали, Мавритания ва Нигерда 25 ёшга етмаган 41 млн киши иш топишга қийналмоқда ва тушкунликка тушмоқда”. Шу сабабдан улар радикал гуруҳларнинг ёлловчилари ҳамда муҳожирлар ташувчи контрабандачила учун осон ўлжага айланиши мумкин.

“Агар ҳеч қандай чоралар кўрилмаса, таълим олиш имкониятлари оширилмаса, қўшимча иш ўринлари яратилмаса, ёшлар учун имкониятлар яратилмаса, Соҳил оммавий миграция, экстремистик гуруҳлар тайёрлаш ва уларга одам ёллаш ҳудудига айланиб қолиши мумкин”, - огоҳлантирди эмиссар.

Маълумот учун, Соҳил деб Африканинг марказий қисмидан ғарбдан шарққа қараб ўтган тропик чўл-биёбондан иборат узун долон тушунилади. У Саҳройи Кабирни жанубдаги анча серҳосил Билод ас-Судан минтақасидан ажратиб туради. У Сенегал, Мавритания, Буркина-Фасо, Мали, Нигерия, Нигер, Камерун, Чад, Судан, Эритрея давлатларининг ҳудудларига тўғри келади.