Хитойнинг China Railway компаниялар гуруҳи Венгрия ва Сербия давлатлари пойтахтларини боғлаб турадиган юқори тезликда ҳаракатланувчи темир йўл қурилиши бўйича шартномани қўлга киритди. Бу ҳақда Xinhua ахборот агентлиги хабар тарқатмоқда.

Манбанинг ёзишича, мазкур лойиҳанинг қиймати 10 млрд Хитой юанини ташкил қилади. Бу тахминан 1,57 млрд долларга тенг.

Мазкур янги қурилувчи йўналишда максимал тезлик 160 км/соатга етиши мумкин бўлади. Будапешт ва Белград ўртасидаги масофа эса 2,5 соатгача қисқаради.

Шартномага кўра, 166 километрдан иборат йўлнинг венгер ҳудудидан ўтган темир йўл қисми модернизация қилинади, электрлаштирилади. Шунингдек, юқори тезликда ҳаракатланишнинг техник хавфсизлиги учун зарур ускуналар билан жиҳозланади.

Агентликнинг хабарида қайд этилишича, мазкур лойиҳани молиялаштиришда 85 фоиз маблағлар Хитой консорциуми ҳисобидан амалга оширилади. Қолган сумма Венгрия ҳисобидан қопланади.

Белград ва Будапештни боғлаб турувчи янги юқори тезликда ҳаракатланувчи темир йўл қурилиши шу йил сўнггига қадар бошланиши кўзда тутилган. Қурилиш икки йил муддатда якунланиши режалаштирилган.