Coca-Cola компаниясининг бош илмий ходими Рона Аппельбаум АҚШни қамраб олган “семизлик эпидемияси”да компаниянинг ролини камайтиришга уринишлар билан боғлиқ танқиддан кейин истеъфога кетишга қарор қилди. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги маълум қилди.

Аппельбаум компания номидан семизликка қарши курашувчи ва компаниядан 1,5 млн доллар миқдорида кўмак пули олган Global Energy Balance Network (GEBN) нотижорат ташкилоти билан ёзишмаларда иштирок этган.

Августда GEBN вице-президенти Стивен Блэр америкаликлар вазн билан муаммоларда фастфуд ва ширин газли ичимликни “ҳамма айб айнан шунда эканлигини исботловчи аниқ далилларга эга бўлмай туриб” асоссиз айблаётганлари ҳақида мурожаатини чоп этган. Шу ойнинг ўзида ташкилот президенти Жеймс Хилл Coca-Cola’дан олинган пуллар ўтказилган тадқиқотларнинг натижаларига ҳеч қандай таъсир қилмаганини айтган.

Бироқ Associated Press ахборот агентлиги томонидан чоп этилган ёзишмалар парчаларига кўра, Coca-Cola ташкилотнинг стратегиясига таъсир қилган ва у ёрдамида ўзи номига билдирилган танқидларни камайтириш имконига эга бўлган.

Coca-Cola’нинг бош ижрочи директори Мухтор Кент келгусида унинг компанияси ўзининг фаолиятини ойдинроқ юритишга ва Global Energy Balance Network билан боғлиқ вазиятдаги каби илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш “энг яхши далилларга асосланган яхлитроқ ва ишчан ёндашувни аниқлаш ниятига асосланишига” ваъда берди.

Нью-Йорк университетининг озиқ-овқат бўйича профессори Мэрион Нестле Forbes нашрига берган шарҳида озиқ-овқат ва ичимликлар ишлаб чиқарувчи компаниялар умуман бунга ўхшаш тадқиқотларни молиялаштирмасликлари зарурлиги, чунки натижалар одатда ҳар доим ҳомийлар фойдасига қабул қилиниши ҳақидаги фикрни билдирди.

Бу орада Coca-Cola ўз таъсири билан тадқиқотчилар семизлик ва ширин газли ичимликлар истеъмоли ўртасидаги боғлиқлик борлигини инкор қилаётганликлари борасида биринчи марта айбланаётгани йўқ. Британиянинг The Times нашри шундай мавзудаги тергов билан октябрда чиқиш қилган ва компания нафақат олимларни, балки ҳукуматнинг соғлиқни сақлаш учун жавобгар вакилларини ҳам молиялаштирганини таъкидлаган.

Ўтган асрнинг 90-йилларидан АҚШда ширин газли ичимликлар савдоси 25 фоизга тушиб кетди. Бундай кучли пасайишнинг сабабларидан бири мактабларда газли ичимликларнинг сотилишига тақиқлов киритилгани бўлган.