Тошкент шаҳрида вақтинчалик рўйхатга қўйиш масаласи юқори доираларда кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz`нинг Ички ишлар вазирлигидаги ахборот манбаси маълум қилди.

Унинг айтишича, айни пайтда Тошкент шаҳридаги хонадонларда вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан яшаётган ҳолатлар аниқланса, бу ерда қолишдан мақсадини исботлаб бериши талаб қилинади. Пойтахтда ишлаб, ўқиётгани тасдиқланса, вақтинчалик рўйхатдан ўтиш масаласи ҳал этилгунига қадар уларга нисбатан чоралар кўрилмайди. Агарда вилоятлардаги коллеж ёки мактабда таҳсил олаётгани аниқланса, ўз яшаш жойига тегишли тартибда қайтариб юборилади.

Маълумот учун, сўнгги кунларда Тошкент шаҳрида турли сабабларга кўра вақтинчалик рўйхатдан ўтиш истагида бўлганларга рад жавоби берилмоқда. Бундан аввалроқ эса вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш маҳаллалардаги профилактика нозирларидан туман ички ишлар бўлимларининг хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига юклатилаётгани ҳақида хабар қилинган эди.