Россия Федерал хавсизлик хизмати террорчилик гуруҳларидан бирига аъзоликда гумон қилиниб халқаро қидурувга берилган, Петербургда ноқонуний равишда яшаб келаётган Ўзбекистон фуқаросини қўлга олди. Бу ҳақда РИА «Новости» Ленинград вилояти ФХХ бўлими матбуот хизматига таяниб хабар тарқатди.

«Олиб борилган тезкор-қидирув комплекс тадбирлари натижасида Россия ҳудудида ноқонуний равишда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди», — дейилади хабарда. 

Ахборот хизмати берган маълумотга кўра, ҳибсга олинган шахс террорчилик фаолияти билан шуғулланиш, конституцион тузумни ағдаришга уриниш, жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид солувчи материалларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш каби бир қатор жиноятларда айбланиб Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қидирувга берилган. Шунингдек фуқаро террорчилик ташкилотларига тегишли бўлган экстремистик руҳдаги китобларни тарқатишда ҳам айбланмоқда.

Манба унинг айнан қайси террорчилик гуруҳи вакили эканига ойдинлик киритмаган.