Жорий мавсумни “Локомотив” сафида ўтказган ҳимоячи Шавкат Муллажонов “темирйўлчилар” билан ҳамкорликни тўхтатди. Бу ҳақда жамоа расмий сайтида маълум қилинган.

Хабарда ушбу ҳолат 29 ёшли футболчи охирги ўйинларда захирада қолиб кетаётгани ва кейинчалик жамоа машғулотларига келмай қўйгани билан боғланган.

"Натижада мавсум якунланганидан сўнг унинг “Локо” билан хайрлашгани маълум бўлди. Эслатиб ўтамиз, 29 ёшли ҳимоячи бу йил олий лига доирасида 14та ўйинда майдонга тушди. Биз Муллажоновнинг кейинги фаолиятига омад тилаб қоламиз", дейилади жамоа сайти хабарида.

Қайд этиш керакки, ушбу футболчи ўз вақтида Ўзбекистон терма жамоасининг асосий ҳимоячиларидан ҳисобланган, 2011 йилги Осиё Кубоги турниридан кейин БАА чемпионатида иштирок этувчи "Ал Аҳли" жамоаси назарига тушиб, хорижда 2 мавсум давомида тўп сурганди.