"Ал-Қоида" ва ИШИД террорчи ташкилотлари ўртасида Сомалидаги "Аш Шабоб" экстремистик гуруҳи устидан назорат ўрнатиш учун кураш кетмоқда. Бу ҳақда Telegraph газетаси ёзган.

Қайд этилишича, ИШИД бир неча марта "Аш Шабоб" жангариларига махсус видеороликлар жўнатган. Бундай роликларда ёш сомалиликлар ИШИД сафига қўшилиш учун даъват қилинган. Бу восита ўз таъсирини кўрсатмай қолмаган, бироз олдинроқ "Аш Шабоб"нинг 2 қўмондони ИШИДга садоқат изҳор қилган.

Сомали президенти Хасан Шайх Махмуднинг фикрича, бу сомалиликларнинг "йўлдан оғишганини" англатади. Президент жангариларни амнистиядан фойдаланишга чақирган.

Сиёсий таҳлилчиларнинг фикрича, "Аш Шабоб" жангариларининг ИШИДга қўшилиши уларга "Ал Қоида"дан устунликни таъминлайди. Уларнинг айтишича, ИШИД шу йилнинг баҳорида Нигерия ҳудудидаги "Боко Ҳарам"ни ўз таъсири остига олгач, ўз фаолият доирасини кенгайтирганди.

Шу билан биргаликда, "Аш Шабоб"нинг асосий раҳбарларидан бири "Ал Қоида"дан "юз ўгирилмаслиги"ни айтиб ўтган. Қайд этиш керакки, "Ал Қоида" "Аш Шабоб"ни молиявий жиҳатдан таъминлаб келади.

Баъзи таҳлилчилар эса, ИШИД ва "Ал Қоида" ўртасидаги рақобат Сомалидаги "терроризмнинг йўқолиши" жараёнини тезлаштиради.

Бироз олдинроқ, АҚШ "Аш Шабоб" етакчиси ҳақидаги маълумот учун мукофот эълон қилганди.