Бир муддатдан буён янги биометрик паспортларни олиш муддати узайтирилгани ҳақида мишмишлар тарқалди. Бу ҳолатни аниқлаштириш мақсадида “Даракчи” газетаси Тошкент шаҳар ИИББ Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси марказ бошлиғи, майор Санжар Қосимовга мурожаат қилди.

Расмий шахс муддат илгаригидек 2015 йил 15 декабрь эканлигини таъкидлаб ўтди.
“...Фармонда белгиланган муддатнинг узайтирилиши ҳақида ҳозирча ҳеч қанақа расмий ҳужжат қабул қилинмаган”, - маълум қилди у.

“Аҳоли орасидаги “биометрик паспорт олиш муддати 2017 йилгача узайтирилар экан”, деган мишмишлар ҳозирча асоссиз. Ҳали бу борада бирорта янги расмий манба қабул қилингани йўқ”, - қўшимча қилди Қосимов.

Шу билан бирга, у Ўзбекистон фуқароларининг аксарияти янги биометрик паспортлар билан таъминланганини таъкидлаб ўтди.