Туркия ҳарбийлари томонидан Су-24 самолёти учувчиларининг огоҳлантирилиши вазияти сифатида тақдим қилинган аудиоёзув эълон қилинди.

Қайд этилишича, бу аудиоёзувда "ўз курсингизни ўзгартириб, жанубга бурилинг" дейилган.

Anadolu ахборот агентлиги томонидан тарқатилган бу аудиоёзувда инглиз тилида "Бу Туркия ҲҲК самолёти. Навбатчи гапирмоқда. Сиз Туркия ҳаво ҳудуди чегарасига яқинлашиб келмоқдасиз. Тезлик билан курсингизни ўзгартиринг ва жанубга бурилинг", дейилади.

Қайд этилишича, бундай огоҳлантириш 10 марта такрорланган. Ҳар сафарги мурожаатда самолётнинг қай даражада Туркия ҳаво ҳудудига нисбатан ўрни маълум қилиб борилган.

"Интерфакс" хабарига кўра, бу ёзувдаги овоз Туркия ҲҲКнинг Диёрбакирдаги бошқарув маркази диспетчерига тегишли.

Бундан олдинроқ, Су-24 самолётининг тирик қолган штурмани Константин Мурахтин турклар самолётни огоҳлантирмасдан уриб туширгани ҳақида айтганди. У бу ҳудудни "беш қўлдай" билишини қўшимча қилиб ўтган. Лекин Россия самолёти Туркия чегарасига 1 сонияга ҳам кирмаганини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, 24 ноябрь куни тонгда Туркия—Сурия чегарасида Суриядаги ҳарбий операцияда иштирок этаётган Россиянинг Су-24 самолёти уриб туширилди. Туркиянинг таъкидлашича, самолёт мамлакат ҳаво кенгликларини бузиб ўтган.

Россия Мудофаа вазирлигининг қайд этишича, Россия самолёти Туркия ҳудудига кирмаган.

Россия президенти Владимир Путин буни "орқадан зарба бериш" деб баҳолаган.