Укасини ўлимдан сақлаб қолган қизалоқ

Жамият 26 Ноябрь 2015 8077

Тесси – ёқимтой, шу билан бирга, ёшига нисбатан анча жиддий олти ёшли қизалоқ. Бир куни у ота-онасининг укаси Тед ҳақидаги гапларини эшитиб қолди. Қизалоқ укаси оғир хаста эканлиги ва ота-онасида уни даволатиш учун маблағ йўқлигини биларди. Тесси отасининг йиғидан кўзлари қизарган ойисига умидсизлик билан: - Тедни энди фақат мўъжиза қутқара олади, - деганини эшитди.

Шунда Тесси хонасига югуриб кирди-да, топган-тутганини сақлайдиган мураббодан бўшаган шиша банкани топди. Майда тангаларни ерга ағдарди ва биттами-битта санаб чиқди. Кейин уларни қайтариб банкага солди ва дорихонага қараб чопди.

У дорихоначи унга эътибор беришини жимгина кутди, аммо у бошқа одамнинг суҳбати билан банд эди ва қизалоқни пайқамасди. Тесси озгина бўлса ҳам эътибор жалб этиш учун оёқларини бир-бирига уриб қўйди. Ҳеч вақо бўлмади. Кейин қаттиқ-қаттиқ йўталиб қўйди. Яна жимлик. Ниҳоят, қўлига танга олиб, ойнани тақиллатди.

– Нима истайсиз, - сўради дорихоначи норози оҳангда.

– Наҳот тушуниш қийин бўлса, мен бир неча йилдан бери кўришмаган чигаколик акам билан гаплашяпман!

– Яхши, аммо мен ўзимнинг укам ҳақида гаплашмоқчи эдим, - Тесси дорихоначи қандай оҳангда гапирган бўлса, шундай жавоб берди. – Биласизми, у жуда-жуда касал ва мен...мўъжиза сотиб олмоқчи эдим.

- Кечирасиз, нима?

- Унинг исми Тед, бошида нимадир ёмон нарса ўсяпти, дадам эса “уни фақат мўъжиза қутқариши мумкин”, деяптилар. Хўш, бу мўъжиза деганлари қанча туради?

– Қизалоқ, биз бу ерда мўъжизалар сотмаймиз. Кечирасан, аммо сенга ёрдам беролмайман.

– Сиз аввал гапимни эшитинг: менинг пулим бор ва бунинг учун тўлашга қурбим етади. Агар бу пуллар етмаса, яна топишим мумкин. Фақат бу неча пул туришини айтсангиз бас.

Аптекачининг пўрим кийиниб олган акаси чўккалаб олди-да, қизалоқни олдига чақирди.

— Сенга мўъжизанинг қандай тури керак, қизим?

—Мен билмайман, - ҳиқиллади Тесси. – Мен фақат укамнинг қаттиқ касалллигини биламан, ойим эса уни операция қилиш кераклигини айтадилар. Аммо дадам бунинг учун тўлолмайдилар, шунинг учун пулларимни ишлатишга қарор қилдим.

– Улар қанча экан? – сўради чикаголик киши.

— Бир доллар ва ўн бир цент, - шипшиди Тесси. – Ҳозирча бори шу. Аммо керак бўлса, яна топишим мумкин.
—Қандай ўхшашлик, - жилмайди ҳалиги киши. – Бир доллар ва ўн бир цент.
У пулни маҳкам қўлига тугди-да, қизалоқни қўлидан олиб, уйларига олиб боришини сўради.
— Мен укангга бир назар ташлаш ва ота-онанг билан учрашишни истайман. Кўрайликчи, сизларга мўъжизанинг қандай тури керак экан!

Пўрим кийиниб олган бу киши нейрожарроҳликка ихтисослашган таниқли шифокор Карлтон Армстронг эди. У операцияни бутунлай бепул ўтказди ва Тед тез орада уйга батамом соғайиб қайтди. Ота-онанинг қувончларини чеки йўқ эди ва улар уйларига жарроҳни етаклаб келган тасодифий воқеалар силсиласини муҳокама этишарди.

Бу доктор, - деди ойиси оҳиста , - ҳақиқий мўъжизанинг ўзи. Қизиқ, бу аслида қанча тураркин?

Тесси жилмайди. Ахир у мўъжиза қанча туришини аниқ биларди-да. Бор-йўғи бир доллар ва ўн бир цент... Яна кичкина қизалоқнинг самимий ишончи.

Кўпроқ янгиликлар