Хитой раиси Си Цзиньпин режалаштирилаётган ҳарбий ислоҳотларнинг асосий йўналишларини белгилаб берди. Бу ҳақда Синьхуа ахборот агентлиги маълум қилди.

Хитой Қуролли кучларни ислоҳ қилиш доирасида “ҳарбий округлар тизимини қайта ташкил этиш ва бирлашган тезкор қўмондонлик тузилмасини яратиш билан армияда ислоҳотлар” ўтказади, деб айтди Си Цзиньпин. Агентликнинг таъкидлашича, бу ишларни 2020 йилгача якунлаш режалаштирилмоқда.

Хитой раисининг тушунтиришича, ҳозирги ўз ичига 7 та ҳарбий округни олувчи тузилма ўзгартирилади. Бундан ташқари, бирлашган тезкор қўмондонлик бирлигини яратиш режалаштирилмоқда, бу мамлакат мудофаа тизимининг турли элементлари ўртасидаги мувофиқлаштириш даражасини оширади.

Янги ҳарбий ислоҳотлар доирасида 7 та ҳарбий округда ўзгартиришлар амалга ошириш кўзда тутилган. Айни пайтда уларнинг асосий вазифаси йирик ер усти операцияларини ўтказишдан иборат, бироқ бундай операциялар ўтказишнинг эҳтимоли кам саналади. Шу муносабат билан бу йирик бирлашмаларнинг миқдори қисқартирилиши мумкин.

Хитой раисининг айтишича, Хитойнинг барча Қуролли кучлари бўлажак ислоҳотни “интиқлик билан кутмоқдалар ва унинг амалга оширилишини қатъий талаб қилмоқдалар”. Шу билан бир вақтда мутахассислар орасида бу ислоҳотларни ёқловчи ва унга қарши чиқаётганлар бор.

Си Цзиньпин, шунингдек, армияда интизомни назорат қилиш ва коррупцияга қарши янги орган яратилишини эълон қилди.