27 ноябрь куни, агар ҳозир тирик бўлганида артист ва жанговар санъат устаси Брюс Ли 75 ёшга тўлган бўларди.

У ҳозирги кунга қадар бутун дунё бўйлаб миллионлаб томошабинлар учун кумири бўлиб қолмоқда.

Брюс Ли бутун фаолияти давомида Шарқ ва Ғарб маданиятини ўзаро боғлаб турди, ҳар икки томонда ҳам юлдуз даражасига чиқа олди.

Ўзининг илк ролини у чақалоқлигидаёқ ижро этган (3 ойлик чақалоқ роли), 14 ёшида эса ча-ча-ча рақси бўйича чемпионатда ғолиб бўлгач, у кунг-фу билан шуғуллана бошлаган. Унга бу жанг санъатидан машҳур Ип Ман сабоқ берган.

Брюс Лининг бу жанг санъатини пухта эгаллаши кино оламига яна қайтишига сабаб бўлди. У 1960-йиллар охирида "Бетмен" сериалидаги ижросида айнан шу маҳоратидан фойдаланди. Кино тарихида унинг "Катта босс", "Аждаҳонинг чиқиши", "Ғазаб мушти" ҳамда сўнгги фильми бўлмиш "Ўлим ўйини"да ҳам у кунг-фу устаси сифатида намоён бўлган.

У 1978 йилда шубҳали тарзда вафот этган.

1. «Аждарҳонинг чиқиши», 1973 йили.

2. Брюс Ли 1940 йилнинг 27 ноябрида Хитой тақвими бўйича Аждарҳо йилининг Аждарҳо соатида (тонгги 6:00—8:00 оралиғида) Сан-Францискода, ота-онаси — Хитой операсининг комик-актёри Ли Хой Чен ва унинг аёли Грейс Лининг Америкадаги гастрол сафари вақтида дунёга келган. Грейс Лининг онаси келиб чиқиши немисларга бориб тақалувчи гонгконглик, отаси эса хитойлик эди.

3. 18 ёшли Брюс Ли ва унинг устози Ип Ман.

4. Брюс ва унинг ўғли Брендон

5. Брюс Ли «Яшил қовоғари» сериалидаги Като ролида, 1966—1967 йиллар.

6. "Катта босс", 1973 йил

7. "Аждарҳонинг йўли", 1972 йил

8. "Ғазаб мушти", 1972 йил

9. «Ўлим ўйини» фильмидан сўнгги кадр; мазкур фильмни суратга олиш вақтида актёрнинг вафот этгани эълон қилинган, 1978 йил.

10. Гонгконгдаги Брюс Ли ҳайкали.

11. Голливуддаги Шуҳрат хиёбонида Брюс Ли юлдузи.

12. Брюс Ли

Брюс Лининг сув фалсафаси

Ёшлигимизда ҳолдан тойиб қолсак ҳам, умуман иложи қолмаган тақдирда ҳам дунёни букиб, остимизга олишга ўргатишади. Бошимиз билан деворни тешишга уринаётган бир пайтимизда худди сув каби кимдир ундан бемалол ўтиб кетади. Сув ҳаракати бу нима? Афсонавий Брюс Ли бу ҳақда нима деган? Келинг, билиб оламиз.

“Ўзимни ўзим назорат қилиш учун, аввало, ўзимни ўзим қабул қилишим керак. Ўз табиатимга қарши эмас, аксинча, у билан ҳамоҳанг ҳаракат қилишим лозим”.

Брюс Ли (Ли Чжэньфань) нафақат актёр, режиссёр ва жанговор спорт устаси сифатида танилган эди, балки у ўзидаги кучни метафизика фалсафаси билан уйғунлаштирган файласуф ҳам бўлган. Шу сабаб номи тиллардан тилларга достон бўлиб келаётгани ҳам бежиз эмас.

Брюс Ли биринчи бор кунг-фу билан 1950 йилнинг ўрталаридан шуғуллана бошлаган. Унинг биринчи устози Ип Ман унга Вин-Чунь услубида жанг санъатини ўргатган.

1959 йили Ли Гонконгни тарк этиб, Америкага йўл олди. Аввалига Сан-Францискода бўлди, сўнгра Сиэтл томон йўл олди. АҚШда у ўзининг жанг санъати мактабини очди ва ўзи яратган кунг-фу — Жит Кун-До (“Муштдан олдин ҳаракат”) услубида дарс бера бошлади.

“Оддий йўл — тўғри йўл. Курашда чиройли ҳаракат ҳеч кимни қизиқтирмайди. Асосийси ишонч. Сайқалланган ҳаракат. Ва аниқ ҳисоб-китоб. Шу сабаб мен Жит Кун-До — “мослашган одамнинг яшаши” услубида дарс бераман. Бу бесамар хатти-ҳаракат ва қувват сарф этмасдан фақат мақсад сари ҳаракатланишдир”.

1971 йили Брюс Ли кино карьерасининг энг юқори чўққисига чиққан бир пайтда “Лонгстрит” сериалида суратга тушди. Фильмнинг бир эпизодида Хитойнинг у-вэй фалсафасига тааллуқлии бир иборани ишлатди. (Кейинчалик бу ибора жуда машҳур бўлиб кетди).

“Шаклсиз бўл! Худди сув каби. Сувни пиёлага солсанг, у пиёлага айланади. Агар уни чойнакка солсанг, у чойнак бўлади. Сув сокин оқиши мумкин, вайрон ҳам қилиши мумкин. Сув каби бўл, дўстим!”.

Аммо бу машҳур афоризм Брюснинг сув ҳақидаги фалсафасини тўлиқ ифодалаб беролмайди. Брюс Ли ҳақида кўплаб китоблар ёзган Жон Литтл (John Little) 2001 йилда у ҳақда “Брюс Ли ҳаёт рассоми” (Bruce Lee: Artist of Life) жамланмасини чоп этди. Китобда актёрнинг бунда олдин чоп этилмаган хатлари, эслатмалари, шеърлари жой олган. Уларда Брюс Ли ҳаёт, муҳаббат, болалар тарбияси ва жанг санъати ҳақида бебаҳо фикр-мулоҳазалар билдирган.

Тахмин қилиб, шуни айтишимиз мумкинки, Брюсда сув ҳақидаги фалсафа устози Ип Ман ўргатган “холислик санъати” услубини ўзлаштира ололмаётган пайтида пайдо бўлган. Ли бу ҳақда мана бундай деб ёзади:
Брюс Ли:
“Ўз-ўзимни ҳис қилиш даражам шу даражага етиб бордики, психологлар буни икки томонлама алоқа деб аташади. Ана шунда устозим ёнимга келиб, шундай деди: “Ўзингни асра! Нарсаларнинг эгилувчанлигига ҳамоҳанг бўл. Холис бўл! Ёдингда тут, ҳеч қачон табиий нарсаларга қарши борма. Муаммоларинга ҳам қаршилик кўрсатма. Аммо уларни доим назорат қил. Улар сени қайси тарафга буришса, ўша томонга бурил. Машқларни бир ҳафта тўхтат, уйинга бор ва бу ҳақда ўйлаб кўр”.

Брюс худди шундай қилди.

Брюс Ли:
“Бир неча соат руҳий малакаларимни медитация ҳолатида ўтириб ўйладим. Охири таслим бўлдим ва ёлғиз ўзим сузиш учун жўнадим. Денгизда ўз машқларим ҳақида бош қотирдим ва бу менинг асабларимни бузди. Мен сувга мушт туширдим. Шу пайт миямга бир фикр урилди. Кунг-фунинг асл моҳияти сув эмасмикан? Мен унга зарба бердим. У оғриқ сезмади. Мен уни яна бор куч билан урдим. У ҳеч нарсани ҳис этмади. Мен уни ушлаб турмоқчи бўлдим. Буни имкони бўлмади. Сув дунёдаги энг юмшоқ нарсалардан бири. Уни кичкина идишга ҳам жойлаб қўйиш мумкин. У шунчаки сизга нимжон кўринади. Аслида эса сув ер юзидаги энг қаттиқ моддани ҳам емириши мумкин. Мен сув бўлишни хоҳлардим.

Шунда осмондан бир қуш учиб ўтди ва сувда унинг акси кўринди. Шунда мен бундан яна бир дарс олдим. У менда афсонавий бир фикр туғдирди. Рақибинг рўпарасида турганингда фикр хаёлинг ва ҳис-ҳаяжонларинг худди сувдаги қушнинг аксига ўхшаши керак. Бу айнан устозим айган сўз. “Холис бўл”. Бу ҳеч нарсани ҳис қилмаслик ёки ёлғизликда ўзингни қисиб буғиш дегани эмас. Бу ўзингни-ўзинг назорат қилишинг учун олдин ўзингни қабул қилишинг лозим дегани. Табиатингга қарши эмас, у билан ҳамоҳанг ҳаракат қилишинг керак дегани”.

Лао-цзинминг сўзларини изоҳлаб, Брюс Ли шундай ёзганди:

Брюс Ли:
“У-вэйдаги табиий нарсаларни кунг-фуда ифода этадиган нарса бу сув.

Сув — дунёдаги энг юмшоқ ва нимжон модда. Аммо қаттиқ ва мустаҳкам нарсани енгиб ўтишда унга тенг келадигани йўқ.

Бу — “Дао Дэ Цзин”даги бир лавҳа. У сув моддаси ҳақида сўзлаб беради. Сув қанчалар ажойиб, уни муштга қисиб бўлмайди. Уриб ҳам. Оғриқ сезмайди. Пичоқ билан кесиб бўлмайди. Яралаб ҳам. Бўлакларга бўл, барибир фойдаси йўқ. Унинг шакли йўқ. У хоҳлаган шаклга кириши мумкин. Хоҳлаган идишингизга солинг, у ўша шаклга кираверади. Қайнатсангиз, у кўринмас буғ ҳолатига айланади. Шунда у катта кучга эга бўлиб, қалин ерни ҳам қиздириб юбориши мумкин. Музлаганда у қаттиқ кристаллга айланади. Бу эса қудратли куч дегани. Сув Ниагара сингари тез бўлиши ёки кўлмакдаги каби сокин бўлиши мумкин. У сел келиш хавфи билан қўрқитиши ёки иссиқ кунларда салқинлик бахш этиши мумкин. Бу эса у-вэй принципидир.

Дарё ва денгизлар юзлаб водийлар ҳукмдори. Чунки улардаги куч ва сокинлик бу ерлар устидан қироллик қилиш ҳуқуқини беради. Уни енгмоқчимисиз? Унда унга эргашинг.

Бошқача сўз билан айтганда, жанг санъат фалсафасини оддий ҳаёт тарзига олиб чиқадиган бўлсак вазиятга қарши курашишдан олдин шу вазиятга кўникишни ўрганишимиз лозим. Вазиятга қарши сув каби юмшоқ ва ўзгарувчанлик зарур. Ҳаёт оқими ўзи сени бахт сари етаклайди. Қаршилик кўрсатмоқчи бўлсанг, ҳақиқий тўфонга қаршилик кўрсат. Доимо оқимга қарши сузиш, ҳолдан тойдиради ва кўп ўтмай унда ғарқ бўлишинг мумкин”.