Яқиндагина кетма-кет яккахон концертларини ўтказган хонандалар – Ботир Қодиров ва Сардор Мамадалиев битта таронани ижро этиб чиқишди. Аниқроғи, “Йиғлатур” қўшиғи Ботир Қодиров концертида янграган бўлса, орадан бир неча кун ўтиб FM радиоларидан бирида Сардор Мамадалиев томонидан ижро этилган намунанинг премъераси бўлиб ўтди. Бу тасодифми ёки атайин қилинган иш?

"Йиғлатур" таронасининг сўзи Раъно Ярашевага тегишли. Ботир Қодировнинг продюсерининг Kun.uz сайтига маълум қилишича, хонанда ушбу қўшиқни Камолиддин Раҳматовдан расман рухсат олган ҳолда 2006 йилдан буён ижро этиб келмоқда.

“Концерт якунланиб, орадан бир ҳафта ўтганидан сўнг Сардор Мамадалиев бу қўшиқ ижро этилганидан хабардор бўла туриб, уни ижро этишга қарор қилди. Бу ҳолатни тасодифга йўйиш нотўғри бўларди, чунки мазкур қўшиққа Қодиров буюртмаси асосида мусиқий сайқал берган Нодир Умаров “Йиғлатур” таронаси Ботир Қодиров концерт дастурига киритилганидан хонанда Мамадалиевни огоҳлантирган. Лекин ҳамма нарсанинг чегараси борку, айниқса тақлиднинг”, - деди продюсер.

Мазкур масалага Сардор Мамадалиев томонининг муносабатини билиш мақсадида хонанданинг маъмури билан боғландик. Хонанда маъмури Нажмиддин Мамадалиевнинг айтишича, улар аввалига мазкур таронани Ботир Қодиров ижро этаётганидан бехабар бўлишган. “Нодир Умаров бизга бу ҳақда маълум қилганидан сўнг тайёр ҳолатдаги қўшиқни концерт репертуаридан олиб ташладик. Ботир Қодиров ушбу қўшиқни тўйларда айтиб юрганини ҳам билардик, лекин унинг студия вариантини тайёрлаганидан хабаримиз йўқ. Сардор билан Ботир ўртасидаги муносабатлар яхши, ака-укадек. Лекин биз ҳам қўшиқни тайёрлаш учун харажат қилиб қўйган эдик, сёмкасигача тайёр. Шунинг учун концерт ўтишини кутиб, кейинроқ премъерасини ўтказдик”, - деди маъмур.

Таъкидлаш ўринлики, бугунги ўзбек эстрада санъатида ҳар икки хонанданинг ҳам ўз ўрни, ўз овози ва услуби бор. Шу боис иккала хонанда ижросидаги “Йиғлатур” таронасини эътиборингизга ҳавол этамиз, холис баҳони ўзингиз чиқаринг.

Ботир Қодиров ижросида

Сардор Мамадалиев ижросида