Эрдўған Россияни ИШИД билан нефть савдоси бўйича тил бириктирганликда айблади

Жаҳон 27 Ноябрь 2015 9948

АҚШ Туркияга Россия компанияларининг ИШИД билан нефть олди-соттисини йўлга қўйгани ҳақидаги маълумотни тақдим этган. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған маълум қилди.

У Россия томонидан Туркиянинг ИШИДдан нефть сотиб олишда айбланишини "қуруқ туҳмат" деб атаган.

26 ноябрь куни Туркия раҳбари бундай айбловлар учун исбот талаб қилганди. У Туркия ўз чегараларида нефть контрабандаси амалга оширилишининг олди олинганини таъкидлаган.

Шу куни Россия президенти Владимир Путин ИШИДнинг асосий молиявий таъминоти бўлган нефть ноқонуний йўллар билан Туркияга ўтаётганига ишончи комиллигини билдирганди.

"Бунга ишониш қийин, лекин бу назарий жиҳатдан бўлиши мумкин иш. Туркия бу ишни бас қилиши керак", деганди у қўшимча тарзида.

Ундан олдинроқ ҳам Россия томони Су-24 самолёти ИШИДнинг нефть саноатига жиддий зарар етказилиши бошланганидан кейин уриб туширилганига эътибор қаратганди.

Шунингдек, Сурия президенти Башар Асад ИШИДнинг янги ҳарбий кучлар, қуроллар ва пуллар билан таъминланишида Туркия, Саудия Арабистони ва Қатар иштирок этаётганини қайд этганди. У ҳам Туркияни ИШИД нефтини сотиб олаётганликда айблаган.

Кўпроқ янгиликлар