26 ноябрь куни халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади. Президентнинг нутқи УзА сайтида жойлаштирилган.

Бу сессияда ташкилий масала кўрилди ва Баҳодир Юсупов Наманган вилояти ҳокими вазифасидан озод қилинди.

"Ҳаммамиз яхши тушунамиз, деди давлатимиз раҳбари, бугунги кунда Наманган аҳли олдида турган улкан вазифаларни бажаришда кўп нарса вилоят бошқарувида раҳбарлик вазифасида ўтирган шахсларга, энг аввало, ишни тўғри ташкил этиб, эл-юртни катта мақсадлар сари ўз ортидан эргаштира оладиган биринчи раҳбарнинг масъулиятига боғлиқ. Ана шу нуқтаи назардан қараб, вилоят ҳокими Баҳодир Юсуповнинг фаолиятига баҳо берадиган бўлсак, афсуски, охирги пайтларда унинг ишида ўзибўларчилик, бепарволик ва лоқайдлик, сусткашлик кайфияти кучайиб бораётганини кўриш мумкин.

Маълумки, Б.Юсупов 7 йил давомида вилоятда биринчи раҳбар бўлиб ишлади. Намангандек катта бир вилоятга етакчи бўлиш масъулиятини ўз зиммасига олган бу шахснинг авваламбор кенг миқёсда фикрлашга, аҳолининг ташвиш ва муаммолари, дарди билан яшашга, энг муҳими, вилоятда турли соҳа ва тармоқларни бошқарадиган, ўзининг қўл остида ишлайдиган раҳбар ва мутахассисларни ягона бир мақсад учун бирлаштиришга қурби етмади", дейди Ислом Каримов.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов тавсиясига кўра, вилоятнинг Мингбулоқ тумани ҳокими вазифасида ишлаб келаётган Хайрулло Бозоров Наманган вилояти ҳокими этиб тасдиқлангани ҳақида хабар берилганди.