Кремль: Эрдўған Су-24 билан юз берган воқеадан 7-8 соат ўтиб, Путинга телефон қилганди

Жаҳон 27 Ноябрь 2015 7135

Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот хизмати бошлиғи Дмитрий Песковнинг маълумот беришича, Туркия томони Су-24 самолёти уриб туширилганидан 7-8 соат ўтиб, Владимир Путин билан гаплашиш учун телефон қилган. Бу ҳақда РИА Новости хабар тарқатган.

Қайд этилишича, бу қўнғироқ ҳақида президент ҳам хабардор қилинган.

Бироз олдинроқ, Россия президенти Франция президенти билан учрашувидан кейин ўтказилган брифинг вақтида туркларнинг Су-24 самолётининг у Россияга тегишли эканини билмаган ҳолда уриб туширгани ҳақидаги "баҳонаси"ни қабул қилмаслигини билдирганди.

Бундан олдинроқ, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Су-24 ҳалокатидан кейин Россия президентига қўнғироқ қилгани, аммо Путин гўшакни кўтармагани ҳақида айтганди.

Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров эса буни тасдиқламаганди.

Эслатиб ўтамиз, 24 ноябрь куни тонгда Туркия—Сурия чегарасида Суриядаги ҳарбий операцияда иштирок этаётган Россиянинг Су-24 самолёти уриб туширилди. Туркиянинг таъкидлашича, самолёт мамлакат ҳаво кенгликларини бузиб ўтган.

Россия Мудофаа вазирлигининг қайд этишича, Россия самолёти Туркия ҳудудига кирмаган.

Кўпроқ янгиликлар