Москва вилоятининг Ленинск туманида полициячилар тротил портловчи моддаси ва тўппончаларга эга, ҳеч қаерда ишламайдиган икки нафар тожикистонликни қўлга олди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлигига Россия ИИВ расмий вакили Елена Алексеева маълум қилди.

“Россия ИИВ жиноят қидирув бош бошқармаси ходимлари Россия ИИВнинг Москва вилояти бош бошқармаси ва Россия Федерал хавфсизлик хизматининг Москва ва Москва вилояти бўйича бошқармаси ходимлари билан биргаликда Ленинск туманида икки нафар ҳеч қаерда ишламайдиган Тожикистон фуқаросини қўлга олди. Уларнинг ёнидан Макаров русумидаги учта тўппонча ва унга 50 тага яқин патрон тортиб олинди”, деб айтди Алексеева.

Қўлга олинганлардан бирига тегишли автомобиль тинтув қилинганда 171,3 грамм тротил моддаси топилган.

“Тортиб олинганлар криминалистлар томонидан ўрганиб чиқилади. Ушбу ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилди”, деб қўшимча қилди расмий вакил.