Олмаота шаҳри Ауэзов тумани полициячилари туманда яшовчи пияниста онани оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласини кўтардилар, деб хабар бермоқда Олмаота ИИБ матбуот хизмати.

5-микротуманда яшовчи аёл 2012 йилдан бери ювенал (балоғатга етмаганлар билан шуғулланувчи) полиция ҳисобида туради. Айнан ўшанда полициячилар ушбу оилада носоз муҳит ҳукм суришини аниқлашган. Бу оилада икки нафар кичик ёшдаги қиз тарбияланади.

“Ҳозир қизлар мактабга боришади. Уларнинг онаси спиртли ичимликларга ружу қўйган ва ўз фарзандлари тарбияси билан умуман шуғулланмайди. Инспекторлар аёлникига навбатдаги ташриф пайтида аёл номаълум эркаклар қуршовида бўлгани ва уларнинг барчаси маст ҳолатда эканлигини аниқлашган. Аёл бу ҳолатга бирор-бир онгли изоҳ бера олмаган. Кўплаб тушунтириш ишлари ва огоҳлантиришларга қарамасдан, аёл ўзининг одатини ташламаяпти. У инспекторлар билан ҳар гал учрашганда ўз ҳаёт тарзини ўзгартиришга, уйини саранжом ҳолатга келтиришга ва қизларига тегишли тарбия беришга қасам ичиб ваъда беради. Бироқ, афсуски фойдасиз. Биз бир нарсага ишончимиз комил: қизлар бундай шароитларда қолиши хавфли”, деб айтди Олмаота шаҳри маъмурий полиция бошқармаси ювенал полиция бўлими бошлиғи, полиция подполковниги Лейла Алипбаева.

Полициячилар ушбу ҳолат юзасидан тўпланган маълумотларни яқин кунларда махсус комиссияга кўриб чиқиш учун топшириб, аёлни оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласини кўтармоқчилар. Ҳозирча қизлар балоғатга етмаганлар учун мўлжалланган марказга юборилди.