Украина президенти Пётр Порошенко Нидерландияга ташрифи давомида Россия ихтилофнинг янги чизиқларини яратаётганини айтди, деб хабар берди “Укринформ” агентлиги.

“Кўпчилик Украинадаги вазият барҳам топса, Европада аввалгидек бўлади, деб ўйлайдилар. Бироқ Россиянинг кайфияти ҳисобга олинса, бу орзудек туюлади. Россиянинг Қрим ва Донбассдаги тажовузи нафақат Европадаги ишонч ва дадилликка зарба берди, у Европада ихтилофнинг янги чизиқларини яратди”, деб айтди Порошенко.

Порошенконинг айтишича, Европада бунга эътибор бериш исталмаётгани бу муаммонинг йўқлигини англатмайди. Порошенко, шунингдек, Россия чегараларнинг дахлсизлиги, қадриятлар устуворлиги, яхлитлик каби Европанинг бош қадриятларини инобатга олмаётганига эътиборни қаратди.

“Ғарб ишонч доирасини яратмоқчи, Россия эса таъсир ҳудудини”, деб айтди Порошенко. Унинг фикрича, Россия ва Ғарбнинг режалари бошқа-бошқадир.