Расмий Анқара Туркия томонидан ИШИД нефти сотиб олинаётганини тан олиши керак, деди Россия президенти Владимир Путин Франция раҳбари Франсуа Олланд билан музокараларидан кейин ўтказилган брифинг чоғида.

Унинг айтишича, Москва Туркиядаги юқори доиралар бу ҳақида билмаслиги мумкинлигини истисно этмайди.

"Агар шу вақтгача билмаган бўлишса, энди билишади", дейди Путин.

Путиннинг айтишича, гап "катта кўламдаги нефть маҳсулотларининг ноқонуний савдоси" ҳақида кетмоқда.

"БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан шундай махсус резолюция қабул қилинган. Унга кўра террорчилардан нефть сотиб олиш мумкин эмас. Турклар олаётган нефть бочкаларида шунчаки нефть эмас, фуқароларнинг қони ҳам бор. Чунки, террорчилар нефтни сотиб топган пулларига қуроллар ва ўқ-дорилар сотиб олишади ҳамда қонли ишларини амалга оширишда давом этишади", дейди Путин.

У ўз нутқида Синайда Россия самолёти қулаши, Париждаги терактлар ва бошқа воқеаларни эслаб ўтган.