Россия Ҳарбий-Космик кучлари бош қўмондони Виктор Бондаревнинг маълум қилишича, Су-24 самолёти Туркия томонидан уриб туширилиши вақтида турклар самолёти 40 сония давомида Сурия ҳудудида бўлган. Бу ҳақда РИА Новости нашрида хабар берилган.

"Сурия ҳаводан мудофаа тизимларининг маълумотига кўра, туркияликлар самолёти Су-24 самолётига зарба бериш мақсадида Сурия ҳаво кенгликларида 2 км ичкарига кириб, 40 сония давомида бўлган. Бу эса Россия самолёти Туркия чегарасини бузиб ўтмагани, аксинча Туркия самолёти Сурия чегарасини бузиб ўтганини англатади", дейди Бондарев.

Унинг айтишича, Туркия авиацияси Россия бомбардимончи самолёти учун пистирма тайёрлашган.

Эслатиб ўтамиз, 24 ноябрь куни тонгда Туркия—Сурия чегарасида Суриядаги ҳарбий операцияда иштирок этаётган Россиянинг Су-24 самолёти уриб туширилди. Туркиянинг таъкидлашича, самолёт мамлакат ҳаво кенгликларини бузиб ўтган.

Россия Мудофаа вазирлигининг қайд этишича, Россия самолёти Туркия ҳудудига кирмаган.