Россиянинг Су-24 русумли ҳарбий бомбардимончи самолёти Туркия авиацияси томонидан тайёрланган пистирмага йўлиққан. Бу ҳақда Россия Ҳарбий-Космик кучлари бош қўмондони Виктор Бондарев РИА Новости нашрига маълум қилган.

"Суриядаги радарлар орқали аниқланишича, воқеа рўй берган ҳудуд яқинида Туркиянинг иккита F-16c самолёти 24 ноябрь куни соат 09:11дан соат 10:26гача, 1 соату 15 минут давомида, 2,4 км баландликда учиб юрган. Бу эса ушбу қирувчи самолётларнинг пистирмадан туриб ҳужумга тайёрланганини англатади", дейди Бондарев.

Унинг айтишича, туркларнинг самолёти Диёрбакир базасидаги навбатчилик ҳудудидан ҳужум амалга ошириган нуқтага қисқа вақт ичида етиб келиш мумкин бўлмаган, шунинг учун самолётлар Су-24 келишини яқин масофада учиб юрган ҳолда кутган.

Бондарев бу ҳодисани "мисли кўрилмаган даражадаги хоинлик" сифатида баҳолаган.

Бундан олдинроқ, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Су-24 самолёти "ҳарбийча реакция" натижасида уриб туширилгани ҳақида айтганди.