Суриялик вазир: Су-24 самолёти Эрдўғаннинг ўғли манфаатлари йўлида уриб туширилди

Жаҳон 27 Ноябрь 2015 23336

Туркиянинг F-16 русумли қирувчи самолёти Россиянинг Су-24 русумли бомбардимончи ҳарбий самолётини у Сурия ҳудудидаги ИШИДга тегишли нефть саноатини бомбалашга жиддий киришгани учун уриб туширган. Бу ҳақда Сурия ахборот вазири Омран Аз-Зоуби маълум қилган.

Унинг айтишича, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ўғлига тегишли нефть компанияси айнан ИШИДдан нефть харид қилиш билан шуғулланган ва президент ўғли манфаатлари учун самолёт уриб туширилган.

"ИШИД нефтлари Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ўғлига тегишли компания томонидан харид қилинган. Шу туфайли руслар ИШИДнинг нефть саноатини бомбалашни бошлагач, айниқса 1 ойдан кўпроқ вақт ичида нефть ташувчи 500дан ортиқ юк машинаси йўқ қилингани ҳақида маълумот эълон қилинганидан кейин турклар асабийлашишни бошлади. Улар нефтдан ташқари, ИШИД босиб олган ҳудудлардаги буғдой ва қимматбаҳо буюмларни ҳам харид қилишни йўлга қўйганди", дейди вазир.

Анқара томонинг маълум қилишича, 24 ноябрь куни Су-24 самолёти Туркия ҳаво кенгликларига киргани учун уриб туширилган. Бунга суриялик вазир қуйидагича жавоб қайтарган:

"Туркия руслар самолётини уриб туширишдан олдин огоҳлантирганини айтишди. Су-24 самолётининг тирик қолган учувчиси эса бунинг аксини. Туркияликлар ёлғон гапираётганига исбот сифатида айтиш мумкинки, улар аввалига Су-24 учувчиларини 10 марта огоҳлантиришганини айтишди. Кейин эса самолёт Туркия ҳудудида 17 сония давомида бўлганини қайд этишди. Ахир бунча қисқа вақт ичида 10 марта огоҳлантириш мумкинми? Бунинг техник томондан иложи йўқ".

Эслатиб ўтамиз, 24 ноябрь куни Россияга тегишли Су-24 самолёти Туркия томонидан уриб туширилди. Самолёт учувчилари катапульта қилинган, лекин самолёт қулаган Латақия вилояти ҳудудидаги туркман жангчилари улардан бирини, командир Олег Пешковни ҳали ҳаводалигидаёқ отиб ўлдиришган. Иккинчи учувчи, штурман Константин Мурахтин эса Сурия махсус хизматлари ва Россия қутқарув хизмати орқали қутқариб олинган. Қутқарув амалиёти чоғида россиялик яна бир ҳарбий, матрос Александр Позинич ҳалок бўлган.

Кўпроқ янгиликлар