Внуково аэропортида ИШИД аъзосига эрга тегиш учун кетаётган талаба қиз ушланди

Жаҳон 27 Ноябрь 2015 7741

Москванинг Внуково аэропортида 20 ёшли талаба қиз Ирина Бабикина қўлга олинди. Маълум бўлишича, у чегара назоратидан ўтаётганида махсус хизматлар томонидан шубҳа остига олиниб, сўроқ учун кабинетга чақирилган.
Бундан бир неча кун илгари қизнинг отаси полицияга мурожаат қилиб, бўлган воқеани айтиб берган экан.
Отанинг ҳикоясига қараганда, Ирина ўзининг севган йигити – асли иорданиялик Язон Одил Галим Аббосий олдига учиб кетмоқчи бўлган. Улар узоқ вақт мобайнида тармоқ орқали мулоқот қилишган. Язон қизни бир неча маротаба меҳмонга таклиф қилган, шунингдек, ИШИД таркибига қўшилишга даъват этган. Бабикина ахийри тарғиботлар таъсирида Туркияга йўл олган.
Сўроқдан сўнг қиз отасига топширилди, у эса аэропортнинг ўзидаёқ қизининг паспортини йиртиб ташлади. Ҳозир Ирина уйдан чиқмаяпти, бўлиб ўтган воқеалар юзасидан текширув ўтказилмоқда.
Бир неча ойлар муқаддам Москва давлат университети талабаси Варвара Караулова ИШИД таркибига қўшилишга йўл олганида Чеченистонда қўлга олинган эди. Бу воқеа Россия жамоатчилигида қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарган эди.

Кўпроқ янгиликлар