БААнинг Zarooq Motors компанияси ўзининг биринчи ишланмаси – умумий фойдаланиш йўллари учун ҳам сертификатлаштирилувчи Sand Racer пойга йўлтанламаси яратиши ҳақида маълумот тарқатди. Бу автомобиль соатига 200 км гача тезлик билан ҳаракатлана олади. Янги модель шу ҳафта охирида Абу-Дабида ўтадиган “Формула-1” Гран-приси вақтида намойиш қилинади.

Орқа ғилдираклари тортувчи янги автомобиль карбон ва шиша толадан фойдаланган ҳолда қўлда яратилган янги шассида қурилади. Автомобилни яратиш учун GP2 пойга сериясининг Campos Racing пойга жамоаси ва бу йили Formula E пойгасининг биринчи чемпионатини ютган e.dams-Renault жамоаси мутахассислари жавоб берадилар. Машинанинг подвескаси (амортизаторлар, пружиналар, стабилизаторларни ўз ичига олувчи, машинанинг кузови ва йўлни боғловчи бўғин) мураккаб йўлларда тез ҳайдаш ва қумтепаларда юриш учун махсус созланади.

Автомобиль чўлдаги энг тезкор ва чидамли илон – қум илони номига Zarooq деб аталган. Компаниянинг раҳбариятига “Яс Марина” трассасининг собиқ бошқарувчи директори Муҳаммад Ал Кадий, Formula Ford, Formula Renault ва Formula 3 пойгаларида иштирок этган француз пойгачиси Бруно Лаффит кирди.

Автомобилда БААда яратилган ва ишлаб чиқарилувчи 3,5 литрли 6 цилиндрли бензин двигатели ўрнатилади. Кейинги ойда мотор синовдан ўтказилади. Мотор буюртмачининг истагига кўра 305, 400 ва 500 от кучига эга кўринишда ишлаб чиқарилиши мумкин. Узатмалар қутиси рулда жойлаштирилган дастага эга олти поғонали “автомат” кўринишида. Автомобилнинг оғирлиги бир тоннадан сал кўпроқни ташкил қилади, кузов ғилдиракка нисбатан вертикал ҳолатда 35-40 смгача чиқиб-тушиб ҳаракатлана олади. Ғилдирак дисклари 15 дюймли, 33 дюймли йўлтанламас шиналарга эга.

Бундан ташқари, Zarooq Motors Дубайда БААда йўлтанламас машиналар учун мўлжалланган биринчи пойга трекини қурмоқчи. Трекнинг умумий майдони 100 акрга яқинни ташкил қилади. Бу ерда барча истовчилар учун қум бўйлаб автомобиль ҳайдаш бўйича ўқув курслари ўтказилиши кутилмоқда. Бундан ташқари, Sand Racer автомобили учун пойга монокубоги яратилади. Бу пойгани чўлда ўтказиш режалаштирилмоқда.

Sand Racer’нинг базавий версияси нархи 100 минг долларга яқинни ташқил қилади. Компания моделни ҳозирча БААда сотишни мўлжалламоқда. Кейинроқ машина Европага ҳам етказиб берилиши мумкин.