Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россияни икки томонлама муносабатлардаги инқирозни ижобий кўринишда муҳокама қилишга чақирди.

“Биз Россияга “Келинг орамиздаги бу мавзуларни чегараларимиз ичида муҳокама қилайлик, жавоб топайлик” демоқдамиз” деб айтди Эрдўған.

Эрдўғаннинг фикрича, “Париждаги иқлим бўйича анжуман бунинг учун яхши имконият бўлиши мумкин”. “Балки бундай музокараларни ўтказиш имкони пайдо бўлар. Агар Россия Туркия учун муҳим бўлса, унда Туркия ҳам Россия учун муҳимдир. Биз буни истамоқдамиз ва бунга умид қиламиз”, деб таъкидлаб ўтди Эрдўған.

Эрдўған Анқара “Россия билан халқаро форматда ва дипломатик каналлар орқали ишлашни давом эттиради” деб қўшимча қилди.

Туркия президенти Россия самолёти билан юз берган воқеа яна такорланмаслигига умид билдирди. “Мен ҳаиқатан ҳам юз берган воқеадан қайғудаман. Биз буни истамагандик. Бироқ бу содир бўлди. Мен бундай воқеалар такорланмаслигини тилаб қоламан”, деб айтди Эрдўған. Унинг айтишича, Туркия “томонлар ушбу вазиятни ҳал қилишда ижобий ёндашувларни намойиш қилишлари тарафдори бўлиб чиқмоқда”.

“Муносабатларимиздаги бу вазият янада кескинлашиши ва эҳтимол келажакда янада аянчли оқибатларга олиб келмаслиги керак. Туркия ҳеч қачон кескинликнинг тарафдори бўлмаган ва булмайди ҳам. Биз муносабатларимизда хавфсиз келажакни истамоқдамиз ва бу билан олға ҳаракат қиламиз”, деб таъкидлаб ўтди Эрдўған.