Россиянинг Саратов вилояти ўқувчилари Су-24 самолётини қуриш учун пул йиғиш ташаббуси билан чиқдилар, деб хабар бермоқда 3-сонли гимназия директори Татьяна Райковага иқтибос келтирган ҳолда “Взгляд-инфо” нашри. Райкова бу ҳақда вилоят думасидаги ижтимоий кенгаш йиғилишида маълум қилди.

“Лойиҳамизнинг мақсади бефарқ бўлмаган россияликларни ватанимизни ҳимоя қилишга ўз ҳиссаларини қўшишлари учун бирлаштиришдан иборат. Биз террорчилар россияликлар маблағларига қурилган рус самолётини кўрганида қўрқувдан фалажлашини истаймиз. Биз жангарилар томонидан уриб туширилган самолётнинг ўрнини босувчи ҳақиқий жанговор самолёт учун маблағ йиғишни бошламоқчимиз”, деб айтди Райкова.

Шунингдек, маълум қилинишича, ўқувчилар самолёт учун пул йиғиш мақсадида “Тақдир ва ватан бир” (“Судьба и Родина едины”) деб номланган сайт яратишмоқчи. Маълумотларга кўра, Су-24 самолётининг нархи 5,5 млн долларни ташкил қилади.