Душ қабул қилаётган пайтда иссиқ сувни ўчиб қолиши ёқимли ҳолат эмас, албатта. Аммо мунтазам равишда совуқ душ қабул қилишнинг саломатлик учун бир нечта фойдали томонлари бор.

Агар душ қабул қилаётганингизда сув совуқ бўлса ўзингизни қандай ҳис қиласиз?

Иссиқ баданингизга муздай сув оқими урилганда нафасингиз тиқилиб қолади, эҳтимол қичқириб юборарсиз. Лекин сувни ўчиришингиз билан бу ҳис сизни бирданига тарк этади ва бу ҳолат ёқимли бўлганини тушунасиз. Танангизга адреналин оқиб киради. Этингиз жунжикади ва совуқ душ қабул қилишни уддалаганингизни англаб етасиз.

Бизнинг ўта қулай ҳозирги яшаш тарзимиз совуқ сувнинг фойдали жиҳатларини англамаслигимизга сабаб бўлмоқда ва шу боис биз ҳар сафар илиқ сувда чўмилишни хуш кўрамиз. Бироқ совуқ душ қабул қилишнинг ўзига яраша яхши томонлари бор.

Қон айланишини яхшилайди

Совуқ душ танада қон айланишини тезлаштиради. Бу юрак-қон томир тизими учун фойдали ва қон босими ошишида, артериялар қотиб қолишида ҳамда веналарнинг варикоз кенгайиши каби касалликларнинг олдини олишда ёрдам бериши мумкин. Мияда қон айланишининг тезлашиши унинг бенуқсон ишлашига хизмат қилади.

Совуқ сув – энг яхши антидепрессант

Адреналин ошиши ва периферик асаб толалари орқали содир бўладиган кўп сонли электр импульслари тушкунликка қарши кучли таъсир кўрсатади.

2008 йилда ўтказилган тадқиқотларда “тана ҳароратининг қисқа муддатли ўзгаришга дуч келмаслиги тушкунликни келтириб чиқаради” деган ғоя илгари сурилган.

Бу ғояда жон бор. Совуқ таъсирида симпатик асаб тизими фаоллашади ва тушкунликни йўқотувчи норадреналин деб номланадиган кимёвий модда ажралиб чиқиши кучаяди. Тажрибалар совуқ сув билан даволаш тушкунлик симптомларини бартараф этишини кўрсатди.

Совуқ сув тери ва сочларга яхши таъсир кўрсатади

Соч синишининг олдини олиш ва жилоланиши учун бошни совуқ сувда ювиш кераклигини эшитганмисиз? Иссиқ сув тери ва сочларни қуритиб юборади, совуқ сув эса эластиклик бағишлайди ва тери тиришишининг олдини олади.

Дарвоқе, юзингизни лимон шарбати қўшилган совуқ сувда ювишни тавсия қиламиз.

Совуқ сув спортдаги натижаларни яхшилайди

Америкадаги физиологияга бағишланган журналлардан бирида ёзилишича, машғулотлардан сўнг совуқ сувга шўнғийдиган спортчилар кейинги машғулотларда янада яхшироқ натижаларга эришишлари мумкин экан.

Спорт ва тиббиётга оид бошқа бир журналда эса совуқ сувга шўнғиш тананинг жисмоний ҳолатини тезроқ тиклаши ҳақида маълумот берилган.

Совуқ сув руҳий қувватни оширади

Иссиқ сувни ўчириб совуқ сувда чўмилиш ёки муздай дарёга шўнғиш жасорат ва руҳий тайёргарликни талаб қилади. Баданингизни кутилмаган ҳолатга қанчалик кўп туширсангиз, у кейинги ҳолатларга шунчалик осон кўникиб боради. Бошқача айтганда, иродангиз мустаҳкамланади, ҳар куни совуқ сувда чўмилишга ўрганиб қоласиз.

P.S. Нима бўлганда ҳам ўзингизни эҳтиёт қилинг! Доимо соғ бўлинг!