Украиналик боксчи Владимир Кличко британиялик рақиби Тайсон Фьюрига қарши рингга чиқиб, супер оғир вазнда уч чемпионлик мақомини ҳимоя қилади. 12 раундли жанг шанба куни Дюссельдорфда бўлиб ўтади.

39 ёшли Кличко Халқаро бокс федерацияси (IBF), Бутунжаҳон бокс ташкилоати (WBO) ва Бутунжаҳон бокс уюшмаси (WBA) версияларига чемпионлик камарларига эга. У профессионал фаолияти давомида қозонган 64 ғалабадан 53таси нокаут билан якунланган. Кличко 3 марта мағлубиятга учраган.

27 ёшли Фьюри биринчи марта чемпионлик камари учун курашиш имкониятига эга бўлмоқда. Профессионал рингда у ўтказган барча 24 учрашувида ғалаба қозонган, шулардан 18таси нокаут билан якунланган.