Жиноят ишлари бўйича Дубай суди БАА ҳудудида ноқонуний яшаб келган Ўзбекистон фуқаросининг ишини кўриб чиқмоқда. 33 ёшли эркак пичоқ билан қуролланиб, шахсий уйга ўғриликка тушганликда, у ердаги Ҳиндистон фуқаросини ўлдиришга ҳаракат қилганликда айбланмоқда.

2015 йил 12 май куни Дубайнинг ал-Қусайс туманидаги компаниялардан бирининг менежери сотувчи, Ҳиндистон фуқаросидан айирбошлаш пунктида 200 минг дирҳам (55 минг доллар) пулни алмаштиришни сўраган. Пункт ёпиқлиги боис эркак бу ишни кейинроқ амалга оширишга қарор қилиб, уйига йўл олган. Аммо уйининг лифтига кириши билан Ўзбекистон фукароси ҳам унинг ортидан йўл олган. Ҳиндистонлик учинчи, ўзбекистонлик эса иккинчи қаватнинг тугмасини босган. Лекин лифт иккинчи қаватда тўхтаганида ўзбекистонлик тушмаган. Лифт учинчи қаватга етганида Ўзбекистон фуқароси ҳинднинг сумкасини юлқиб олиб, қочмоқчи бўлган, аммо ўлжаси унга қаршилик кўрсатган. Шунда ўзбекистонлик пичоқ чиқариб, ўлжасига зарбалар берган ва қочиб қолган. Унинг ортидан йўл олган эркак қон йўқотгани боис ҳушидан кетган.

Полиця кузатув камераларидаги видеоқайдлар, шунингдек, лифтда қолдирилган бармоқ излари ёрдамида жиноятчини аниқлай олди. Ҳиндистонлик қурбон ҳам жиноятчини таниди. Жиноятчи айбини тан олди, пичоқни қаерга ташлаганини кўрсатиб берди. У қурбонларини валюта айирбошлаш шохобчаси олдида топишини, сўнг уларнинг кетидан кузатиб бориб, ҳужум қилишини айтиб берди.

Суд эшитувлари 2016 йил 28 январида давом этади.