АҚШда бошланган энг йирик Янги йил олди чегирмалари куни – ўтган “қора жума”да мамлакат фуқаролари 10.5 млрд долларлик харидларни амалга оширишди. Бу ҳақда ShopperTrak тадқиқот хизмати тарқатган маълумотларда айтилди.
Онлайн-харидларни ўз ичига олмайдиган савдо ҳажми мутахассислар тахмин қилганидан 1.6 млрд долларга кўпроқ бўлганига қарамай, у ўтган йил кўрсаткичларидан 10 фоизга камроқ бўлди. Ўшанда АҚШ аҳолиси ноябрнинг охирги жума куни дўконларда 11.6 млрд доллар қолдиришган эди. Мутахассисларнинг фикрича, бу тушиш одамлар борган сайин кўпроқ онлайн хизматлар орқали харидларни амалга ошираётгани билан тушунтирилади. Интернетда дўконлардагидан кўра манфаатлироқ таклифлар кўпроқ учрайди.
Шу тариқа, онлайн-дўконларда “қора жума” куни амалга оширилган харидлар ўтган йилгига нисбатан 14.3 фоизга ошиб, 2.7 млрд долларни ташкил қилди. Харидларнинг 40 фоизи онлайн-дўконларга тўғри келди.
Янги йил олди харидлари мавсуми АҚШда анъанавий равишда ноябрь ойининг охирги пайшанбасида нишонланадиган Шукрона кунининг эртасига бошланади. Айнан шу мавсумнинг биринчи куни маҳсулотлар энг паст нархларда сотилади. Macy's, Target, Kohl's, J.C. Penney, Sears сингари энг йирик тармоқ дўконлар жумани кутмай, пайшанба куниёқ чегирмалар эълон қилди. Одамлар дўконлар очилишидан бир неча соат олдин уларнинг эшиги олдида тўпланиб, навбатларни ҳосил қилишади.