Ўзбекистоннинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик чораларини кучайтирмоқда. Ноябрь ойининг бошидан буён тегишли ташкилот ва идоралар жамоат жойлари ва ҳукумат биноларини назорат қилишни кучайтиришди. Шунингдек, Тошкент шаҳридаги хонадонларда жиддий текширувлар ўтказилмоқда. У ерда рўйхатдан ўтмасдан яшаб турган шахслар орасида экстремистлар бўлиши мумкинлиги эҳтимоли билан текширув ишлари олиб борилмоқда.

Тошкент, Фарғона ва бошқа бир қатор вилоятларда ИШИД билан алоқаларда гумон қилинган бир қанча шахслар қўлга олинди. Ўтган ой мобайнида террорчилар билан алоқа қилган 90 киши қўлга олинди. Улар Тошкент шаҳри, Тошкент ва Фарғона вилоятларида аниқланди.

Мамлакатнинг барча вилоятларида аксилтеррор ўқувлари ўтказилмоқда.
“Айнан мана шу ўқувларни фуқаролар ҳақиқий воқеалар деб қабул қилмоқда”, - тушунтирди ИИВ ходимларидан бири, интернетда тарқатилган турли хабарларга изоҳ бераркан.

10 ноябрь куни Тошкент шаҳрида хонадонлар текшируви бошланди. Хавфсизлик хизмати ходимлари ҳар бир хонадонда турувчи шахслар сонини текшириб, уларнинг рўйхатга олинган-олинмаганини текширмоқда. Шунингдек, уйни ижарага берганлар ҳам текширувдан ўтказилмоқда.

Туман милиция бўлимлари ижарага берувчилар ва олувчилар маълумотлар базасини яратмоқда. Бу нафақат Тошкентда яшаётганлар миқдорини аниқлашга ёрдам беради, балки ижарага берувчиларнинг масъулиятини ҳам оширади, деб ишонмоқда ҳуқуқ-тартибот ходимлари.

Жумладан, шу йили тошкентлик Мунира Пўлатованинг уйида ижарада турган икки ижарачи экстремистик адабиётлар тарқатаётгани аниқланди. Аёл давлатга солиқ тўламаслик учун ижара ҳақида расмий идораларга маълум қилмаган эди.

Таъкидланишича, аҳоли бу тадбирларни тўғри тушунмоқда, негаки охирги ойларда ИШИДнинг дунёнинг турли қисмларда фаоллашиши барчани ташвишга солмоқда. ОАВда ёзилишича, аҳоли бу текширувлар ҳамда хавфсизлик чораларининг оширилиши фуқароларнинг тинчлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётганини тушунмоқда, деб ёзади 12news.uz.