Россиянинг Туркияга нисбатан киритган санкциялари сабаб россияликлар ҳеч қандай зарар кўрмайди. Бундан фақатгина туризм мустасно — чунки бундан ҳар икки томон ҳам зарар кўради.

Россиянинг Су-24 самолёти уриб туширилгач, Туркия компанияларининг Россия ҳудудидаги фаолиятини чеклаш, Россия иқтисодиёти учун зарар келтирмайди, аксинча фойдали жиҳатлари ҳам бор. Иқтисодчи ва публицист Михаил Делягиннинг фикрича, ҳар икки томон учун ягона муаммо туризм соҳасида туғилиши мумкин.

Мутахассиснинг фикрича, руслар учун Туркияга бориб дам олишнинг қўлдан кетгани муаммо эмас, унинг ўрнини босувчи Қрим, Абхазия, Болгария, Греция бор. Аммо Мисрнинг бу рўйхатдан ўчирилиши жиддий йўқотиш бўлган.

Делягиннинг фикрича, бошқа йўналишларда турклар зарар кўради, руслар эмас. “Биз нима йўқотамиз? Турк помидорлариними? Тўғри улар мазали, аммо бу маҳсулотни Озарбойжондан ҳам сотиб олса бўлади”, – деб таҳлил қилади мутахассис.

Товарлардан ташқари, турклар хизмат кўрсатиш борасида ҳам ютқизишди. Чунки улар Россияга ишлаш учун келишар эди. Айниқса, қурилиш соҳасида. “Айни дамда бизнинг қурилиш бозоримиз молиявий инқироз туфайли тўхтаб қолган. Ўзимизнинг қурувчиларга ҳам иш йўқ. Шу боис туркларнинг бу бозордан кетиши қўрқинчли ҳодиса эмас”, – деб таъкидлади мутахассис.

Делягиннинг айтишича, Туркия билан савдо сальдоси борасида ҳам ташвишланмаса бўлади. Чунки бу савдо газ етказиб беришга асосланган бўлиб, уни ҳеч қайси бир мамлакат рад этмайди.

Бундан ташқари, Россия Туркияга металл ва турли материаллар етказиб берар эди. Турклар ундан чет элга экспорт қилинадиган турли маҳсулотлар тайёрлаб сотишар эди.
“Турклар Россияда қурилиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозорини йўқотди; ўзларига нисбатан Россияда қулай бўлган бизнес юритувларидан ҳам айрилишади. Биздаги муаммолар эса Сбербанк, Яндекс ва Спутникда бўлади”, – деб хулоса қилди Делягин.