“Лестер” ҳужумчиси Жейми Варди Англия чемпионатининг 14-турида “Манчестер Юнайтед” билан учрашувда ҳисобни очди.

28 ёшли футболчи учрашувнинг 24-дақиқасида жамоадоши Кристиан Фукснинг узатмасидан кейин рақиб дарвозасини ишғол этди.

Шу тариқа Варди АПЛнинг 11 ўйинида кетма-кет тўп уриб, “МЮ”нинг собиқ ҳужумчиси Руд ван Нистелрой рекордини янгилади.

Футболчи жорий мавсумда ҳозирча ўз ҳисобига 14 та тўп ёзиб қўйди. Унинг голли серияси 29 августдаги “Борнмут”га (1:1) қарши учрашувдан бери давом этиб келмоқда.