“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси навбатдаги тўлиқ пилотаж тренажёри – Боинг самолётлари учун Fullflight-симуляторини сотиб олиш масаласини кўриб чиқмоқда, деб хабар берди “Sputnik Узбекистан” мухбирига МАК ўқув-машғулот марказидаги манба.

Унинг айтишича, янги тренажёр универсал бўлади ва ундан Боинг 757 ва 767 самолётлари экипажларини ўқитишда фойдаланилмоқчи. Чунки бу самолётлар орасида катта фарқ йўқ, фарқ фақатгина уларнинг ўлчамларидадир.

“Ҳозирда музокаралар бошланғич босқичда, бунда биз Канаданинг CAE компаниясига Fullflight-симулятор сотиб олмоқчилигимизни билдирдик. Ҳозирда бу самолётлар учун тренажёрлар ишлаб чиқарилмайди, шунинг учун биз ишлатилганини сотиб оламиз. Ўз навбатида канадаликлар биз сотиб олган техникани халқаро стандартларга мос қилиб модернизация қилиб беради”, деб айтмоқда манба.

Манбанинг таъкидлашича, бу тренажёрлар сотиб олиниши билан авиакомпаниянинг учувчиларнинг тайёргарлиги ва малакасини такомиллаштириш имкониятлари янада ошади ва натижада компания томонидан амалга ошириладиган парвозлар хавфсизлиги ҳам ошади. Fullflight-симуляторлар ҳақиқий парвоз тасвирини тўлиқ яратиб беради ва кутилмаган вазиятлар юзага келганда учувчиларнинг малакаларини сайқаллашга имкон беради.

Бир неча кун аввал авиакомпания A320 самолётининг янги тўлиқ приводли Fullflight-тренажёрини ишга туширди. Бу тренажёр ўз синфида энг замонавийси ҳисобланади ва Ўзбекистонда учувчиларни тайёрлашга ўтиш имконини беради.