24 ноябр тонгида жанговар вазифасини бажараётган рус фронт бомбардимон самолёти Су-24Мни (самолёт командири — подполковник Олег Пешков ва штурмани — капитан Константин Мурахтин) туркларнинг Viper (“газанда”) деб аталувчи F-16 Fighting Falcon қирувчи самолёти уриб туширди. Шу куни икки Су-24М Лазқия провинциясининг туркманлар яшовчи қисмида Сурия мухолифларига қарши бомба ҳужуми уюштираётган эди. Рус учувчилари фронт чизиғига жуда яқин бўлган ўрмонли тоғ ҳудудида катапульта орқали қўнишган. Пешков, афтидан, туркманлар томонидан парашютдалигидаёқ отиб ўлдирилган. Мурахтинни эса қидирув-қутқарув операцияси чоғида қутқариб қолишган.

Туркманлар ҳақида эшитган, биладиганлар жуда кам эди; улар туркман-ўғузларнинг авлоди бўлиб, Яқин Шарққа XI асрларда кўчиб келишган. Суриялик туркманлар замонавий турк алифбосидан фойдаланадилар ва ҳозирги турк тилига яқин бир шевада гаплашадилар. Турк ҳарбий табақалари учун суриялик туркманлар ҳам турк ҳисобланиб, уларни Туркия ҳарбий кучлари ҳимоя қилиши зарур, деб биладилар, ҳатто Россия ҳаво кучлари зарбаларидан ҳам.

Туркманлардан бўлган кўнгилли аскарлар – Сурия туркман бригадалари 2012 йили ташкил қилинган Сурия Туркман халқининг ассамблеясига бўйнсунадилар. Сурияда фуқаролар уруши бошланиб кетганидан сўнг, туркманлар Туркиянинг фаол ёрдами билан Лазқиянинг (Туркман тоғлари) шимолий тоғли ҳудудларини Башар Асад режимидан тозалаб ташлаган эди.

Рус авиациясининг ҳаво ҳужумлари бошланишидан кўп ўтмай Шимолий Лазқияда Асад тузумининг доимий кучлари ҳамда ливанлик шиа террорчилар бўлинмаси бўлган “Ҳизбуллоҳ” тинимсиз ҳаво кўмаги остида туркман қўзғолончиларнинг асосий кучларини тор-мор қилишга қаратилган уч томонлама ҳужумли операцияларни бошлаб юборишди.
Суриядаги русларнинг “Ҳумаймим” авиабазасида интервью берган Мурахтин журналистларга унинг самолёти Туркия ҳудудига тасодифан ҳам кириб қола олмаслигини билдириб, “Биз у ерда бир неча бор жанговар парвоз қилганмиз. Менга штурман сифатида у ернинг ҳар бир тепалиги таниш бўлиб қолган. У ерда ҳатто харита-ускуналарсиз ҳам парвоз қила оламан” деб айтган. Бундан келиб чиқадики, улар туркманларни тўхтовсиз бомбардимон қилмоқдалар.

Россия ҳукумати Су-24Мга бўлган ҳужумни турк ҳукумати ва шахсан Эрдўғаннинг ўзи нефть маҳсулотларининг ноқонуний савдоси билан боғлиқлиги туфайли, Россия ИШИДнинг бензин ташувчи машиналарига ҳужум қилгани учун турклар биздан қасос олишди дея талқин қилмоқда. Ҳолбуки, туркман тоғларида на нефть кони, на уни қайта ишлаш заводи, на бензин ташувчи машиналар, на ИШИД ҳудуди мавжуд. Ноқонуний нефть савдосига келсак, ҳозирда ИШИДдан уни нафақат турклар, балки курдлар ҳам, Москва қўллаётган Асад тузуми ҳам харид қилишмоқда. Анқарадаги вазиятдан хабардор манбаларга кўра, Эрдўған ёздаёқ турк армияси чегарадан ўтиши, Шимолий Сурияга жойлашиб, ўша ерда оралиқ ҳудудини ташкил қилиши ҳақида таклиф билан чиққан, аммо турк бош штаби буни рад этган. Бу таклифдан кўп ўтмай мухолифат ва туркман қўзғолончилари омадли юришлар қилиб, ўз ҳудудларини Лазқия томон кенгайтириб борганлар. Бугун Асад кучларининг зарбаси ва русларнинг бомбалари остида Шимолий Лазқия фронти ушланиб турса-да, аллақачон дарз кетиб бўлган. Бир қатор муҳим позициялар эса бой берилган. Агар фронт қуласа, Сурия ҳукумат кучлари тўппа-тўғри ушбу вилоятларнинг пойтахти бўлган Идлиб йўлига чиқиб олади ва бир неча минг маҳаллий туркман аҳолиси Туркиядан паноҳ истаб у ерга қочиши мумкин. Умуман олганда эса, уларнинг кўпчилиги аллақачон қочқинларга айланиб бўлишган.

Шунга ўхшаш Туркия чегараси олдида туркларга нисбатан этник тозалашлар Эрдўғаннинг ҳукмрон партияси, турк жамияти ҳамда, энг муҳими, Туркия ҳарбийлари учун мутлақ қабул қилиб бўлмайдиган вариантдир. Эҳтимол, шунинг учун бўлса керак, турк ҳарбийлари шу баҳонада чегарани бузиб кирган ёки бузиб кирмаган Су-24М самолётини уриш туширган. Балки бир неча марта дипломатик йўллар билан огоҳлантиришлар наф бермаганидан сўнг турк ҳарбийларининг сабр косаси тўлиб-тошиб кетгандир.


20 ноябр куни Анқарадаги Россия элчиси Туркия ташқи ишлар вазирлигига чақирилди ва ундан Туркия чегараси ёнида, туркманлар ҳудудидаги ҳарбий амалиётларни ҳамда “тўхтовсиз бомбардимонлар”ни битириш талаб қилинади. Президент Владимир Путин ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Шимолий Лазқияда “Россиядан чиққан жангарилар йиғилгани” ва Россия ҳаво кучлари “олдини олувчи зарба”лар беришга ҳақли эканини айтишди.

ГОУ бош штаби раҳбари Сергей Рудской сўзларига кўра, Шимолий Лазқияда “Шимолий Кавказдан чиққан 1000дан ошиқ жангларилар тўпланган”, ва Суриянинг ҳукумат кучлари ҳамда Россия ҳаво кучлари ёрдамида мазкур ҳудудларни жангарилардан тозалаш амалиётини олиб бораётган экан. Шундай деб туриб, бирон бир россиялик генерал Туркман тоғларида россиялик халқаро террорчиларга тўлиб-тошиб кетгани ҳақида бирон далил, ҳужжат келтиргани йўқ. Рудскойнинг таъкидлашича, “шерикларимизнинг биронтаси мазкур ҳудудда “мўътадил мухолифат” борлиги ҳақида бирон марта лом-мим демаган ва бу ҳудудлар бомбардимон қилинмаслиги керак деб ҳеч ким огоҳлантирмаган”. Тушунарсиз: Россия Ташқи ишлар вазирлиги Бош штабга туркларнинг бомбардимонларни тўхтатиши ҳақидаги талабларни етказишмаганми?
Энди Россия ҳарбий ҳаракатлар бошлаш арафаси даврига кириб бўлди: Анқара билан дипоматик алоқалар ёмонлашмоқда, божхона барча турдаги турк махсулотларини ўтказишни тўхтаяпти. Путин Туркиядаги барча россиялик сайёҳларни “хавф остида” қолиши ҳақида огоҳлантириб, агар у ёки бу корҳол содир бўладиган бўлса бунга жавоб бермаймиз”, деб огоҳлантириб қўйди.

Яна, агар воқеалар кескин тус оладиган бўлса, реакция бериши ва хавфли ҳолат юзага келиши мумкинлиги юзасидан огоҳлантирилди.

Сурияда энг янги ЗРК С-400, ЗРК “Форт” (С-300Ф) билан жиҳозланган “Москва” крейсери Лазқияда ишини бошлагани эълон қилинди. Сергей Шойгунинг айтишича, “ҳаводаги кучларимизга хавф туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаводаги нишонни йўқ қилишга шай турибди”. Бу ерда Туркия қирувчи самолётлари ҳақида гап бормоқда, яъни уларни истаган вақтда уриб туширишимиз мумкин, дейилмоқда. Россия бомбардимончи самолётлари энди қирувчи учоқлар билан бирга парвоз қилиши ҳам эълон қилинди, яъни, керак бўлса, турк самолётлари билан жангга киришлари мумкин. Сўнги хабарларга кўра, Шимолий Лазқияда Россия ҳаво кучлари инсонпарварлик юклари билан келаётган юк ташувчи автоуловларни бомбардимон қилган, кўп ҳайдовчилар ҳалок бўлган.

Турк флоти Россиянинг Ўрта Ер ва Қора денгизлардаги ҳарбий бўлинмаларидан бир неча марта катта ва кучлидир. Кенг кўламли минтақавий зиддият юзага чиққан тақдирда турклар бу муаммони ҳал қилишда АҚШга ҳам, НАТО кучларига ҳам эҳтиёж сезмайди – талофатлар билан бўлса-да, ўзлари тажовузларни бартараф эта олишади. С-400 “Триумф” ҳақиқатан ҳам кучли ва замонавий тизим. Лекин уни ишга тушириш учун стратегик база керак. Ҳозир эса уни жиддий қуруқлик ҳимоясисиз, уруш жабҳасининг ёнгинасига жойлаштиришяпти. Агар турк танклари Сурияга кириб, мухолифат қўллаб-қувватлови билан ҳужумга ўтгудек бўлса, “Ҳумаймим” ҳарбий базасига икки соатда етиб бориши ва С-400 тизимини ўлжа қилиб қўлга киритиши мумкин.

Турклар ҳам ҳеч қаерга чекина олмайдилар. Эрдўған ва бош вазир Аҳмат Довудўғли худди Лавров каби конфликт эскалациясини истамаслигини айтишмоқда. Анқарага иттифоқчилари бўлган Вашингтон ва НАТО ҳам атом бомбаси бор давлатни провокация қилмаслик керак деб босим ўтказяпти.

Бироқ иккаласи ҳам “туркман қардош”ларни ҳимоя қиламиз, деб онтлар ичмоқда ва агар энди орқага чекинса, нафақат иқтидорни йўқотиши, балки бутун умрга қамоққа тушишини яхши англаб турибди. 1974 йили Кипрдаги этник турклар ўз қишлоқларида қуршовга олинганида Турк армияси, Вашингтоннинг тақиқларига қарамай, оролга бостириб кирган эди.

«Ҳумаймим»даги россияликларнинг ҳарбий-ҳаво базасида атиги иккита, ҳар бири тўртта (Су-30СМ ва Су-27СМ3 русумли) самолётдан иборат қирувчи қисм мавжуд. Парвоз тадбирлари учун талаб даражасида жиҳозланган биттагина ушбу базага қўшимча равишда катта куч олиб ўтиш, биринчидан қийин кечади, иккинчидан эса, катта кучни битта заиф жойга жамлаш хавфли саналади. Туркларда жами 179та бир ўринли F-16C ва 57та икки ўринли F-16D русумли, такомиллаштирилган модификацияларга мансуб самолёт мавжуд. Айтгандай, лицензияга мувофиқ F-16ни улар ўзлари ишлаб чиқаришади. Бундан ташқари, туркларда замонавий авиабазаларнинг қудратли тармоғи бор. Учувчилари ҳам яхши тайёрланган. Пусиб келиб, яқин жангда қўлланиладиган AIM-9 Sidewinder русумли ракета қўллаганча Су-24Мни шундай уриб туширишганки, на экипаж ва на ҳаво сарҳадини назорат қилиш хизмати бирон нима пайқаган. Аслида нима бўлганини улар анча вақт англай олишмаган.

Албатта, Россия ядро қуролига эга мамлакат, бироқ туркларда ҳам Сурия яқинида жойлашган Инжирли базасида АҚШ билан бирга ишлатиш калитига эга бўлган 40қа яқин B1 атом бомбалари сақланмоқда. Бу бомбалар Россия билан уруш чиқиб қолса фойдаланилиши кўзда тутилган.

Балки бироз тўхташ, попукни пасайтириш, ишни катта маъсиятгача етказмай, буришиб, туркларнинг ортдан туриб урилган ханжарини орқадан суғуриб чиқариш ва келишишга уриниб кўриш лозим, ҳеч бўлмаса туркманларни қириб тугатишни охиригача етказмаслик керакдир?

Павел Фельгенгауэр, “Новая Газета” / Абу Муслим таржимаси