Супер оғир вазнда жаҳон чемпиони, ўзбекистонлик Руслан Чагаев (34-2-1, 21 КО) ва бу унвон учун даъвогар, австралиялик Лукас Браун (23-0, 23 КО) 2016 йилнинг февраль ойи сўнггида ёки март ойи бошида Грозний шаҳрида жанг ўтказишади.

"Биз Браун билан жанг тўғрисида келишиб олдик. Ҳозир музокараларнинг сўнгги босқичи давом этмоқда. Ҳозирча жанг Грозний шаҳрида ўтказилиши аниқ. Аниқ санани бироз кейинроқ маълум қиламиз", деган боксчининг промоутери Тимур Дугазаев.

Шунингдек, Тимур Дугазаев жамоа супер оғир вазн тоифасининг WBA, WBO, IBF ва IBO камарлари янги соҳиби британиялик Тайсон Фьюри билан жанг ўтказишга қизиқаётгани ҳақида айтиб ўтган.

Фьюри кеча, 29 ноябрь куни Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида украиналик Владимир Кличкони очколар бўйича мағлуб этиб, IBF, IBO, WBO ва WBA (Super) версиялари бўйича жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. Чагаев эса ушбу вазн тоифасининг WBA версияси мунтазам чемпиони ҳисобланади. Британиялик боксчининг камариларига (IBF) даъвогарлар орасида украиналик Вячеслав Глазков ҳам бор.

"Албатта, Фьюри билан жанг бизни қизиқтирмоқда, – дея Чагаевнинг сўзларидан иқтибос келтиради "Р-Спорт". – Бундай жангни ўтказиш Кличконикига қараганда осонроқ бўлади. Фақатгина биз реванш жангининг барча шартларини билмаймиз. Шунинг учун музокаралар бошлашга жуда эрта. Бундан ташқари ҳозирда Лукас Браун билан орани очиқ қилиб олиш керак.

Эслатиб ўтамиз, Чагаев 17 октябрь санасида Фрес Окендога қарши рингга чиқиши керак эди. Окендонинг жароҳати сабабли Чагаевга қарши рингга чиқмади ва жанг бекор қилинди.

Чагаев охирги жангини шу йилнинг 11 июль санасида Франческо Пьянетага қарши рингга чиқди ва рақибини биринчи раундда нокаутга учратиб ғалабага эришганди.

Бундан олдинроқ, Браун WBA ўзига Чагаев билан жанг қилиш учун рухсат беришини интизорлик билан кутаётганини билдириб ўтганди.