Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқоти чоғида Суриядаги сиёсий инқироз ва Россиянинг Су-24 самолёти уриб туширилиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан фикр алмашди. Бу ҳақда Қозоғистон президенти сайтида хабар қилинган.

Қайд этилишича, Эрдўған бу суҳбат давомида Россия президенти Владимир Путин билан яқин вақт ичида учрашишга тайёрлигини яна бир бор таъкидлаган.

Ўз навбатида, Нурсултон Назарбоев томонлар вазиятдан чиқиш учун зарур ишларни амалга оширишларига умид билдирган.

Бироз олдинроқ, Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков Владимир Путин ҳамда Ражаб Тойиб Эрдўған Париждаги саммит доирасида учрашиши мумкинлигини истисно этмаётгани хабар қилинганди.