Туркияга турларнинг сотилишига қўйилган тақиқ бир қатор экспертларга “темир парда шарпалари”ни эслатиб юбормоқда, деб ёзмоқда Financial Times газетаси.

Айтилишича, Туркия пляжларидан воз кечишга бўлган чақириқ кўпчилик россияликларни дам олиш умидидан маҳрум қилди, негаки рубль курсининг тушиши, иқтисодиёт рецессияси шароитида Миср ва Туркия улар учун энг ҳамёнбоп туристик йўналишларга айланиб қолган эди. Ҳукумат маълумотларига қараганда, жорий йилнинг биринчи ярмида айнан шу давлатларга турлар барча саёҳатларнинг 38 фоизини ташкил қилган.

Мақолада таъкидланишича, охирги йилларда нефть нархининг ўсиши Россия иқтисодиётини ривожлантирган, бунинг натижасида ушбу мамлакат фуқаролари чет элга осон чиқиш имкониятига эга бўлган эди.

Аммо энди вазият ўзгарди. Ҳукумат башоратларига қараганда, Миср ва Туркияга парвозларнинг бекор қилинишидан сўнг 2016 йилда россияликларнинг чет элга чиқишининг умумий ҳажми 40 фоизга камаяди ва 2000 йил кўрсаткичларига қайтади.

“Бу Россия ўрта синфининг бошқа мамлакатлар билан муносабатларига салбий таъсир кўрсатади. Бу жуда хавотирли. Бу темир парда шарпасидир”, - деди Иқтисодиёт олий мактаби ижтимоий сиёсат институти директори Сергей Смирнов.

У бугунги воқеаларни 1917 йил билан қиёслаб кўрди.

“Октябрь инқилобидан сўнг Совет Иттифоқидаги ҳаёт нормал ва ҳатто бошқа давлатлардагидан яхшироқ деган фикрга ишонадиган авлод етишди. Агар бугунги вазият чўзилиб кетса, биз мана шундай моделни яратган бўламиз”, - таъкидлади эксперт.
Шу билан бирга, икки машҳур туристик йўналишнинг ёпилиши ички туризмнинг ривожланишига олиб келишини таъкидлаб ўтди.