АҚШ президенти Барак Обама "Батаклан" театрига ташриф буюрди ва 13 ноябрь кунги фожиа қурбонлари хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Бу ҳақда ABC News хабар тарқатди.

Айни вақтда Парижда 29 ноябрь куни бошланган Иқлимий саммит муносабати билан бўлиб турган Обама "Батаклан"га Франция президенти Франсуа Олланд ҳамда шаҳар мэри Анна Идальго ҳамроҳлигида ташриф буюрган.

Обама қурбонларни хотирлаш учун махсус барпо қилинган жойга оқ гул қўйган ва энгашиб, бошини қуйи солган кўйи бир дақиқа давомида гуллар ва шамларга тикилиб турган.

Бундан олдинроқ, Украина президенти Пётр Поршенко "Батаклан" фожиаси қурбонлари хотирасига гул келтиргани маълум қилинганди.

13 ноябрь куни Парижда давомли терактлар содир этилди. Уларнинг энг қонлиси "Батаклан" театрида юз берди. 3 нафар жангани концерт бўлиб ўтаётган театр залига бостириб кириб, одамларни ўққа тутиши натижасида воқеа жойида 89 киши ҳалок бўлган. Шу вақтда "Стад де Франс" ва бошқа ҳудудлардаги терактлар туфайли жами 130 киши ҳалок бўлиб, 351 киши жароҳатланган.