АҚШ президенти Барак Обама Париждаги иқлимий саммит вақтида Россия президенти Владимир Путин билан учрашди ва Суриядаги вазиятни муҳокама қилди. У учрашув вақтида Суриядаги инқирознинг ҳал этилишида Башар Асад ҳокимиятни тарк этиши муҳим ўрин эгаллашини қайта таъкидлаган. Бу ҳақдаги маълумотни Россия президентининг матбуот хизмати бошлиғи Дмитрий Песков тасдиқлаган.

"Президентлар учрашуви вақтида Суриядаги сиёсий муаммоларни ҳал қилишни тезлаштириш чоралари муҳокама қилинди", деган Песков.

Обама шунингдек, Украинадаги вазиятни ҳам дипломатик йўл билан ҳал қилиш зарурлигини қайд этган ва агар Россия Минс келишувларига тўлиқ амал қиладиган бўлса, Россиядан санкциялар ечилишини билдирган.

Бироз олдинроқ, икки президентнинг Париж саммити доирасидаги учрашуви ярим соатдан ортиқроқ давом этгани хабар қилинганди.