Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ раҳбари Барак Обама Париж шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг Иқлимий анжумани доирасида учрашишди. Бу ҳақда Интерфакс агентлиги хабар тарқатган.

Хабарда айтилишича, икки томон ўртасидаги музокаралар ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган ва 1 соатга яқин вақт давом этган.

Куннинг биринчи ярмида, Путиннинг матбуот хизмати бошлиғи Дмитрий Песков икки томон ўртасида ўтказилиши мумкин бўлган учрашув ҳақида маълумот берганди.

Песков Парижда Путин Обама билан учрашув ўтказмаслиги аниқлиги ҳақида айтган.

Ундан олдинроқ, эса Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков Антальядаги G20 саммити вақтида ҳам бу икки сиёсатчи олдиндан режалаштирмаган ҳолда учрашишганини эслаб, бу сафар ҳам шундай ээҳтимол йўқ эмаслигини билдирганди.

Бугун, 30 ноябрь куни Франция пойтахти Парижда махаллий вақт билан соат 11:00да (Тошкент вақти билан 15:00) БМТнинг иқлим ўзгаришлари масалаларига (COP-21) бағишланган халқаро конференция ўз ишини расман бошлади.

Унда дунёнинг 140дан ортиқ мамлакатларидан вакиллар иштирок этишмоқда.

Саммит арафасидаги оммавий суратга тушиш маросимида Владимир Путин иштирок этмаган.